Ислом олами уюшмаси – мусулмон оламидаги энг етакчи ташкилот

Ислом олами уюшмаси – мусулмон оламидаги энг етакчи ташкилот

muslim.uz  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мусулмон дунёсидаги энг нуфузли ташкилот ҳисобланган Ислом олами уюшмаси Олий кенгашига аъзо бўлганлари ҳақида олдин хабар берган эдик.

Таъкидлаш керакки, ушбу аъзолик Муфтий ҳазратлари фаолиятлари давомидаги тўртинчи йирик ташкилотга аъзо бўлишларидир. Аввал Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши ва Исломий фиқҳ академия кенгаши аъзоликларига қабул қилинганлари ҳақида эълон қилган эдик.

Азиз мухлисларимизга, Ислом олами уюшмасининг мусулмон дунёсидаги мақоми, мақсад-вазифалари ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.   

Ислом олами уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий) – жаҳоннинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон уламоларини бирлаштирган халқаро исломий ташкилот бўлиб, 1962 йилда ташкил этилган.

Қароргоҳи Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган. Риёз, Жидда ва Мадина шаҳарларида ҳам бўлимлари бор. Мазкур уюшма халқаро исломий нодавлат ташкилотларнинг етакчиси сифатида қаралади.

 

Бошқарув органи ва таркибий қисмлари:

Олий органи – Олий кенгашига турли давлатлардан 60 нафар нуфузли уламо аъзо саналади. Олий кенгаши мажлиси йилда бир марта чақирилади.

Ижрочи органи – Бош котибият. Унга Бош котиб раҳбарлик қилади. 2016 йилдан Саудия Арабистонининг собиқ адлия вазири Шайх Доктор Муҳаммад бин Абдулкарим Исо Бош котиб лавозимида фаолият юритмоқда.

Уюшма таркибида Бутунжаҳон масжидлар Олий кенгаши, Ислом ишлари бўйича Олий қўмита, Исломий фиқҳ академияси ва Халқаро исломий ёрдам ташкилоти каби бўлинмалар мавжуд.

 

Ташкилотнинг тўртта минтақавий кенгаши мавжуд:

-        Европа кенгаши (1973 й., Лондон ш., Буюк Британия),

-        Африка кенгаши (1976 й., Дакар ш., Сенегал),

-        Шимолий ва Жанубий Америка, Кариб қўлтиғи кенгаши (1970 й., Нью-Йорк ш., АҚШ),

-        Осиё кенгаши (1978 й., Карачи ш., Покистон).

Шунингдек, ташкилот Саудия Арабистони, АҚШ, Европа, Осиё ва Африкадаги кўп мамлакатларда ваколатхоналарга эга.

 

Халқаро ҳамкорлик

Уюшма ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФ сингари халқаро ташкилотларга аъзо саналади, БМТнинг Ижтимоий-иқтисодий кенгаши (ECOSOS)да маслаҳатчи мақомига эга.

Олий кенгашининг 1995 йилда бўлиб ўтган 34-мажлисида Марказий Осиё республикалари билан алоқаларни ривожлантириш юзасидан баёнот қабул қилинган.

 

Ташкилотнинг асосий мақсадлари:

- мусулмон мамлакатларининг ижтимоий-маънавий, илмий-маърифий ва маданий алоқаларини ривожлантириш;

- Ислом дини таълимотини тарғиб қилиш, масжид ва мадрасалар қуришга кўмаклашиш;

- долзарб масалалар юзасидан фатволар қабул қилиш;

- қуролли тўқнашувлар ва табиий офатлардан зарар кўрган мусулмон давлатларига ёрдам кўрсатиш.

 

Оммавий ахборот воситалари

Ислом дини таълимотларини кенг тарғиб қилиш мақсадида, араб тилида “Ахбор ул-олам ал-исломий” (“Ислом олами хабарлари”) ҳафталик газетаси, “Робита” (“Уюшма”) ва инглиз тилида журнали нашр этилади. 


Report Page