#internet

#internet


Россия Ўзбекистонга интернетни тезлаштириш учун ёрдам беришга тайёр.



Тошкент мезбонлик қилган “Россия – Ўзбекистон” ҳудудлараро ҳамкорлик форумида “Роскосмос” давлат корпорациясининг Қозоғистондаги вакили Анатолий Красников шу бўйича Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида уч томонлама ҳамкорлик вариантини тақдим этди.

“Уч томонлама ҳамкорликка старт бериш имконияти мавжуд, - деди у – Биз орбитадаги ўзининг Sat-2 аппаратини алмаштиришга тайёрланаётган Қозоғистон Республикаси билан биргаликда бу масалани кўриб чиқишни таклиф этамиз”.

Маълумот учун, 2023 йилга келибKazSat-2 ўрнини KazSat-2R эгаллайди. У телерадиоузатиш, телефония, маълумотлар узатиш, VSAT тармоқларини яратиш, мультимедиа хизматлари ва ҳаракатланадиган алоқа хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.

“Роскосмос” маълумотларига кўра, унинг хизмат кўрсатиш зонасига Ўзбекистон, Қозоғистон, Россиянинг марказий ҳудудлари ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини қамраб олиш режалаштириляпти.

“Биз Ўзбекистонда космик тармоқларни ривожлантириш учун ўзимизнинг орбита-частотали ресурслар, кредит манбалари, ишланмалар, космик қурилмалар ишлаб чиқариш, ходимларни ўқитиш ва технологияларни трансфер қилишни таклиф этамиз”, - деди А.Красников.

Қозоғистон томони эса сунъий йўлдош ресурси ва фойдали юкланишнинг бир қисмини тақдим этади. Ўзбекистондан инвестициялар ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш, келишув, масала муҳимлигини тушуниш истаги талаб этилади.

Хўш, мамлакатимиз бундан нима ютади? А.Красниковнинг айтишича, улар қуйидагилардир:

- Мамлакат ахборот хавфсизлигини таъминлаш йўлида олдинга ташланган жиддий қадам;

- Хориж компанияларига сунъий йўлдош ижараси учун маблағ тўлашнинг шарт эмаслиги, маблағ мамлакатнинг ўзида қолади;

- Ўзбекистон аҳолиси мамлакат ҳудудлари бўйлаб юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади;

- Миллий телеканалларни ҳам Ўзбекистон, ҳам қўшни давлатларга ретрансляция қилиш имконияти яратилади;

- Россия келажакда миллий космик алоқа тизимларини ривожлантириш учун зарур кадрларни тайёрлашни таъминлайди. Ўзбекистонлик мутахассисларда космик аппаратда фойдали юкланишни бошқариш бўйича тажриба пайдо бўлади.