Тошкент вилоятида юзлаб ёшлар ҳарбий полигонга олиб кетилаётганлиги юзасидан изоҳ
Айни дамда ижтимоий тармоқларда юзлаб ёшлар ҳарбий полигонга олиб кетилганлиги юзасидан хабарлар эълон қилинмоқда. Хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2021 йил 12 январь куни ўтказилган йиғилишида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Уюшмаган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат ҳиссини сингдириш ҳамда уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш» бўйича берган топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Жумладан, қабул қилинган қарорга асосан Тошкент вилоятининг шаҳар-туман ИИОда профилактик ҳисобда турган, илгари жиноят содир этиб, тузалиш йўлига кирмаган, фойдали меҳнат тури билан шуғулланмасдан юрган 200 нафар ёшлар билан ишлаб чиқилган 10 кунлик ўқув дастури бўйича ўқитиш белгиланган ва улар 2021 йилнинг 27 январь Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий округга қарашли дала ўқув полигонига олиб борилган.
Дастур бўйича уларга: маънавий маърифий тайёргарлик, ҳарбий ҳуқуқ, Ўзбекистон тарихи, ҳарбий тайёргарлик каби йўналишлар бўйича машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, уларни меҳнат бозорига керакли касб бўйича мутахассис тайёрлаш йўналишлари бўйича ҳам қизиқишларига қараб дарслар берилади.
Шу билан бирга, кеча 27 январь куни давлат раҳбарининг бошчилигида бўлиб ўтган, ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бир қатор устувор вазифалар ички ишлар органлари ва прокуратура зиммасига юклатилди. Хусусан, ИИО ҳисобида турган ёшлар билан алоҳида ишларни ташкил қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қизиқишлари бўйича касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва бошқа вазифалар.
Шунингдек, Бош бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи Бобур Туляганов ҳолат юзасидан “kun.uz” нашрига берган изоҳида: «Муқаддам судланган, тузалиш йўлига ўтмаган, Тошкент вилояти ички ишлар органларининг рўйхатида турувчи 200 нафар уюшмаган ёшлар Хавфсизлик кенгашининг қарорига асосан Чирчиқдаги ҳарбий полигонга олиб келинган. Улар бу ерда 10 кунлик дастур асосида маънавий-маърифий дарслар, ҳуқуқ соатлари, ҳарбий ва касбий тайёргарлик машқларида қатнашади.
Йигитлар 3 маҳал иссиқ овқат ва турар жой билан таъминланади. Машғулотлардан сўнг, уларга меҳнат биржаси орқали муносиб иш топиб бериш мақсад қилинган, ушбу машғулотлар ихтиёрий бўлиб, ҳарбий полигонга олиб келинганларнинг деярли барчаси бу ердаги ҳолатдан рози. Баъзи муқаддам судланган йигитлар ҳали ҳам тузалиш йўлига ўтмагани, ёмон хулқидан шикоят қилингани учун ота-онасининг илтимоси билан келтирилди» деб таъкидлаб ўтган.
ИИББ Ахборот хизмати