Тошкент вилояти ИИББ: Байрамларни кўнгилдагидек ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда
TV_IIBB | Расмий ахборот каналиМаълумки, 8-декабрда— Ўзбекистон Республикаси Конститутсияси қабул қилинган кун. Бу йил бош қомусимизга 27 йил тўлади.
Сана муносабати билан пайшанба профилактика куни доирасида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан, вилоятнинг 22 шаҳар-туманларида ички ишлар органлари шахсий таркиби билан бир қаторда фуқароларга ҳам конститутсиянинг жамият ҳаётидаги ўрни мавзусида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ташкил этилган тадбирларда, ушбу қомусий ҳужжатнинг халқчиллиги, унда миллий урф-одатлар, анъаналар, эътиқод, умуман миллий қадриятлар ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.


Ички ишлар бош бошқармасида ташкил этилган Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб қувватлаш сайёр ишчи гуруҳи томонидан, уйма-уй юриш орқали ўқувчи-ёшлар ва хотин-қизларга конституциянинг мазмун моҳияти ҳақида тушунчалар берилиб, махсус буклетлар тарқатилди.


Шу билан бир қаторда аҳолининг муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.



Саломатлигида муаммоси бўлган 40 дан ортиқ хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, ижтимоий кўмак берилди. Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган фуқароларнинг хонадонларига борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва яқинлашиб келаётган сиёсий жараёнлар ҳақида етарлича маълумот берилди.



Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари эса вилоят ҳудудида ҳайдовчилар билан кенг қамровли тарғибот тадбирларини олиб боришди.
Шахсий транспорт ҳамда йўловчи ташувчи автобуслар ҳайдовчиларини тўхтатиб уларга Ўзбекистон Республикаси конституцияси тўплами ва махсус буклетларини тақдим этишди.

Маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ҳам ўқув муассасаларига ташриф буюриб, ўқувчи-ёшларга қомусимизнинг мазмун моҳияти ҳақида тўлиқ тушунчалар киритилган махсус буклетларни топширдилар.

Ички ишлар органлари шахсий таркиби билан ўтказилган хизмат олди йўриқномаларида ходимларга яқин кунларда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар ҳамда яқинлашиб келаётган Янги йил байрамини уюшқоқлик билан ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, масъулиятни янада ошириш, қонунийликка риоя этган ҳолда, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш борасида ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати