Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан, ходимларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтказилмоқда
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизматиТошкент вилояти ИИББ Кадрлар бошқармаси ва Бирлашган Касаба уюшмаси ҳамкорлигида, ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг, маданий ва маърифий дунёқарашларини янада юксалтириш ҳамда дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида ҳар якшанба кунлари юртимизнинг турли эътиборга молик жойларига саёҳат уюштириш анъанага айланиб улгурган.
Жумладан, навбатдаги ташриф президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва меросини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида ташкил этилган, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ўтказилди.
Маълумки, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, тинчликпарвар ва халқпарвар раҳбар сифатида катта ҳурмат қозонган эди. У киши кўп йиллар фаолият олиб борган “Оқсарой” қароргоҳи бугун Биринчи Президентимиз номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига айлантирилган.
Мажмуага ташриф давомида ходимлар Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ҳайкал пойига гуллар қўйишди. Шундан сўнг, ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримовнинг ҳаёти, кўп қиррали фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлари билан яқиндан танишдилар.
Уларга музей ходималари ҳамроҳлик қилди.
Республикамиз барқарор ривожланишининг асоси бўлган мамлакатдаги тинчлик, халқ фаровонлиги ва миллатлараро тотувликни таъминлашда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс эканлигини алоҳида эътироф этдилар.
Шунингдек, учрашув давомида музей ходималари томонидан, меҳмонларга мамлакатимизда Ислом Каримовнинг ҳаёти, кўп қиррали фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ушбу Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бу борадаги вазифалари хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Учрашув сўнгида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ушбу дам олиш куни жуда мароқли ўтганини таъкидлаб, ИИББ раҳбариятига ўз миннатдорликларини билдириб ўтишди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати