Тошкент вилояти ИИББ: Катта миқдордаги пиротехника маҳсулотларини Пойтахтга олиб кирилишига чек қўйилди
TV_IIBB | Расмий каналиТошкент вилояти ИИББ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ва Йўл патрул хизмати ходимлари томонидан, жорий йил 6 декабрь куни Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Ўзбекистон Республикасида тақиқланган, жами 12 минг 50 қути ёки 732 минг дона ноқонуний пиротехника воситалари ва турли ҳажмдаги 556 дона салютлар аниқланиб, ушланди. Уларнинг тахминий баҳоси 100 миллион сўмга тенг.
Хусусан, “Ўш-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, “Hyundai” русумли юк автомашинасининг юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз жами 5 минг қути ёки 300 минг дона “Микки-Маус” номли тахминий баҳоси 40 миллион сўмлик, пиротехника воситаси ҳамда 21 дона телевизор, 5 литрли 20 дона полиэтилен идишларда суюқлик моддаси, 3 дона полиэтилен қопларда номаълум кукунлар борлиги аниқланган.
Шу куни, маскан орқали ўтаётган Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган М.Шукиров бошқарувидаги “Кобалт” русумли д/р 60 Q 770 КА бўлган автомашинасининг юкхонасида ҳам Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи 1985 йилда туғилган, Д.Хасановга тегишли бўлган жами 144 блок турли ҳажмдаги салютлар ҳамда жами 48 блок “Британик” номли тахминий баҳоси 13 миллион 948 минг сўм бўлган пиротехник воситалари борлиги аниқланган.
Шунингдек, маскандан соат 20.45 ларда “Қўқон-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани “Қум” қишлоғида яшовчи 1962 йилда туғилган А. Хасанов бошқарувидаги д/р 40 Т 696 QA бўлган “Киа Бонго” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг юкхонасидан 7 минг 200 қути ёки 432 минг дона “Трения” номли тахминий баҳоси 57 миллион 600 минг сўм бўлган ноқонуний пиротехника воситалари олиб кетилаётганлиги аниқланган.
Юқорида келтириб ўтилган ҳолатлар юзасидан ИИББ томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати