Тошкент вилояти ИИББ: Катта миқдордаги психотроп дори воситалари  савдосига чек қўйилди

Тошкент вилояти ИИББ: Катта миқдордаги психотроп дори воситалари  савдосига чек қўйилди

TV_IIBB | Расмий канал

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан Республика ҳудудида муомаласи чекланган  психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланишда гумонланиб, тўрт нафар шахслар кўлга олинди. Ўтказилган тезкор тадбирлар якунида “Соннат” занжири фош этилиб, жами 2000 дона, тахминий суммаси 15 миллион сўмга тенг бўлган психотроп таблеткалар савдосига чек қўйилди.

Бугунги кунда тиббиётда, таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларидан кенг фойдаланилади, бироқ республикамизда уларнинг муомаласи қатъий тартибга солинган.

Минг афсуски, фуқаролар орасида даромад топиш учун жамиятдаги соғлом муҳитга рахна солувчи шахслар ҳали ҳамон учраб туради.

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан вилоят ҳудуди бўйлаб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши мунтазам тадбирлар ўтказилиб келинади. Бу каби тадбирларнинг навбатдагиси интернет ижтимоий тармоғидан бошланди. Дастлаб фуқаро М.Р. “Телеграм” тармоғи орқали таркибида психотроп бўлган “Соннат” дори воситаларини виртуал савдога қўйганлиги аниқланади.

Шундан сўнг тезкор ходимлар фуқаро М.Р билан “Телеграм“да хуфиёна алоқа ўрнатадилар. Тармоқдаги мулоқотда М.Р “Соннат” психотроп дори воситасини ҳар бир қутисини 72 минг сўмдан етказиб беришини таклиф қилади. Шу тариқа 70 та қути жами 700 дона таблеткаларини 5 миллион 40 минг сўм эвазига сотиб олиш учун буюртмани қабул қилади. Келишувга кўра М.Р. ушбу дори воситаларини “Андижон-Тошкент” йўналишидаги такси ҳайдовчисидан бериб юборишини ва келишилган пулни ҳам шу ҳайдовчи орқали қабул қилишини айтади.

Битимга кўра жорий йилнинг 4 ноябрь куни “Андижон–Тошкент” йўналишидаги такси ҳайдовчиси Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳудудига 70 та қутида, жами 700 дона Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи чекланган “Соннат” (Зопиклон)дори воситасини олиб келган вақтида холислар иштирокида ушланиб, дори воситалари далилий ашё сифатида олинади. Такси ҳайдовчиси ушбу таблеткаларни Андижондан М.Р. исмли аёл бериб юборганлигини айтади.

Тезкор ходимлар ушбу натижа билан чекланиб қолмай фуқароларнинг, халқнинг соғлом турмушига рахна солувчи қора кучларни илдизи билан қуритиш мақсадида тадбирни давом эттириб, Андижон шаҳрига боришади.

Андижон шаҳрида яшовчи М.Р. исмли аёлни тўлиқ шахсини аниқлаб, келишилган 5 миллион 40 минг сўм пулни такси ҳайдовчиси орқали баённома тариқасида бердилар. Тадбирга жалб қилинган холислар иштирокида фуқаро М.Р. келишилган пулни таксисдан олаётган вақтида қўлга олинган.

М.Р. ушбу “Соннат” психотроп моддасини Андижон шаҳридаги дорихонада фармацевт сотувчи бўлиб ишловчи таниши Б.Т.дан жами 4 миллион 270 минг сўм эвазига сотиб олганлигини баён этади.

Давом эттирилган тезкор тадбирда М.Р. орқали фармацевт таниши Б.Т.га яна 100 та қути жами 1000 дона “Соннат” психотроп моддасига буюртма берилади. Фармацевт сотувчи Б.Т буюртмага рози бўлиб ушбу дориларни жами 6 миллион 100 минг сўм эвазига М.Р га сотаётган вақтида Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Калаванинг тагига етиш керак, тезкор тадбир давом этади. Қўлга олинган фармацевт сотувчи Б.Т. суриштирув давомида ушбу дориларни таниши Андижон шаҳрида яшовчи Б.А. исмли шахсдан ҳар бир қутисини 57 минг сўмдан сотиб олаётганлигини маълум қилган.

Занжирнинг таги Андижон шаҳри “Ал-Бухорий” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи, иккинчи фармацевт Б.А.га бориб тақалди. Унга ҳам 30 қути жами 300 дона “Соннат” психотроп моддаси буюртма қилинади ва у ҳам дориларни сотаётган вақтида қўлга олинди.

Шу тариқа даромад топиш учун соғлом жамиятга рахна солувчи яна бир қора занжирнинг таги узилди.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати

 


Report Page