Ҳожиларнинг овоз бериш жараёни бошланди

Ҳожиларнинг овоз бериш жараёни бошланди

muslim.uz

9 июль. Маккаи мукаррама. “Рошидия” меҳмонхонаси.

Айни кунларда Саудия Арабистонида ҳаж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари эрта тонгдан меҳмонхона фойесида ташкил этилган сайлов участкасига кела бошлади. Улар юртимиз тарихидаги муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиб, энг муносиб номзодга овоз бера бошладилар.

Сайловчилар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда мамлакатимиз ва чет давлатларда ташкил этилган барча шарт-шароитга эга сайлов участкаларида овоз беряптилар. Тошкент шаҳридаги 14-сайлов округига бириктирилган

Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги 39-участка сайлов комиссияси томонидан зиёратчилар учун Макка шаҳридаги “Рошидия” меҳмонхонасида овоз бериш пункти ташкил этилди.

Сайлов қонунчилигига кўра, зиёратчилар учун сайлов бюллетенлари келтирилиб, яширин овоз бериш учун кабиналар ҳозирланди. Президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоллари сайловчилар учун кўринадиган жойга илиб чиқилди.

Ҳатто, ёши улуғ кишилар, беморлар ва ҳаракатланишга қийналадиган зиёратчилар учун ҳам уларнинг хоналарида овоз бериш имкониятлари яратилди.

 Бир сўз билан айтганда, муборак заминдаги ватандошларимизнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча шароит ва имконият яратилиб, жараён сайлов қонунчилиги талаблари асосида олиб борилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Report Page