Оилада фарзанд тарбияси

Оилада фарзанд тарбияси

@guliston_t_press
images

Оила мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардан бири фарзандлардир. Турмуш қуришдан асосий мақсад ҳам насл давомийлигини таъминлаш, зурриёт қолдириш ва унинг камолини кўришдан иборат. Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши биринчи навбатда ота-онага боғлиқ. Улар эса ишни, аввало, болага чиройли тарбия беришдан бошламоқлари даркор. Зеро, тарбия барча ҳикматларнинг аввалидир.

        Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Аммо айрим оилаларда боланинг рисоладагидек инсон бўлиб етишувида тарбия биринчи восита экани эътибордан четда қолади.

           Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Ҳукумат қарори билан Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси тасдиқланди. Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, фуқароларни узлуксиз маънавий тарбиянинг самарали усуллари ва амалга ошириш шакллари билан мунтазам таништириб бориш ҳисобланади.Концепциянинг мақсади ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.

           Инсоннинг маънавий ва ақлий ҳислатларини, асосан, унинг олган тарбияси, яшаган муҳити белгилайди, деб ҳисобланади. Агар, яхши тарбия инсоннинг энг қимматли бойлиги бўлса, нотўғри тарбия унинг учун бахтсизликка, ҳатто ҳалокатга айланиши уқтирилади. Шунинг учун мактаб тарбиясидан ҳам олдин оила тарбиясига катта аҳамият берилади. Оилада тўғри йўлга қўйилган тарбия мактаб таълими учун катта мададдир ва аксинча, оилада тегишли тарбия ишлари олиб борилмаса, бу ҳолда мактабдаги таълим-тарбия ишининг самараси паст бўлиб қолаверади.

           Афсуски  бугунги глобаллашув даврида ўзига хос ва мос миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари “оммавий маданият”, менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солади. Ушбу жараёнга, яъни тарбия масаласига ўз вақтида жиддий эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлиши, тузатиб бўлмас даражадаги оқибатларгаолиб келиши мумкин.

           Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбия қилайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлсин.

Бугунги кунда карантин қоидаларига риоя қилишимиз ҳам бу тарбиянинг бир бўлагидир.

Уйда қолинг!

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Гулистон тумани бўлинмаси раҳбари Ж.Ботирбеков

Report Page