Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга ҳилоф равишда муомала қилиш  

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга ҳилоф равишда муомала қилиш  

@guliston_t_press
images

Гиёҳвандлик - жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисадир.

Гиёҳвандлик бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Зеро, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқоридир. Наркотик ва психотроп моддаларни истеъмол қилишнинг ортиши биринчи ўринда оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг кўпайишига олиб келади.

Гиёҳвандлик - жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисадир. Биринчидан, наркотикларни қўлга киритиш ёки уларнинг олдини олиш учун пул топиш мақсадида оғир оқибатли қасддан жиноятлар содир этилади. Иккинчидан, наркотик моддаларни қабул қилиш таъсири остида тез-тез жиноятлар содир этилади. Ниҳоят, гиёҳвандлик билан жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши оқибатида юзага келадиган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларининг содир этилишида намоён бўлади.

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш инсон соғлиғи ва жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, республикадаги криминоген вазиятга, жамиятнинг иқтисодий ва маданий негизига салбий таъсир кўрсатади, кўпинча у уюшган жиноятчилик билан узвий боғлиқ бўлган. Айниқса, бу жиноятларнинг вояга етмаганлар орасида тарқалганлиги катта хавф туғдиради.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳолда содир қилинаётган жиноятлар турлича бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида хусусиятларига эга.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, устидан халқаро ҳуқуқий ва ички давлат назорати ўрнатилган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш, жўнатиш ва ҳоказо ҳаракатларнинг содир этилиши тушунилади.

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар аҳолининг соғлиғига қарши қаратилган бўлади. Уларнинг мазмунини эса, махсус ижтимоий муносабатлар ташкил этади.

Бугунги кунда дунё миқёсида қонун билан тақиқланганлигига қарамасдан гиёҳвандлик моддаларни ишлаб чиқарувчи ва у билан савдо қилувчиларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Бунинг асосий сабаби, ушбу жиноий бизнес яратиб берадиган жуда катта бойлик орттириш имкониятлари бўлиб, унинг иштирокчилари халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам, миллий қонунлар мажмуи билан ҳам, айниқса, “оқ ажал”нинг ҳалокатли оқибатлари билан ҳам ҳисоблашмай ҳамма ишни қилишга мажбур этмоқда.

Амалдаги Жиноят кодексининг 270-276-моддаларида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу меъёрлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Жиноят кодексининг 19 боби гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар деб номланиб, ушбу бобда тақиқланган экинларни етиштириш (270-модда), гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш (271-модда), Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш (273-модда), гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш (274-модда), гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш (275-модда), Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар (276-модда) учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бу тоифадаги ишлар бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 28 апрелдаги “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 12-сонли қабул қилинган.

Пленум қарорида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид ишлар бўйича одил судловнинг сифати ва самарадорлигини яхшилаш зарурлигига қаратилиши, ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама текшириш, қайд этилган жиноятларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш таъминланиши ҳақида қуйи судларга тегишли тушунтиришлар берилган.

Хусусан, етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни экиш деганда, тегишли рухсатсиз ҳар қандай ер майдонига, шу жумладан, бўш ётган ерга ман этилган экин уруғини сепиш ва кўчатини ўтказишни англамоқ лозим. Ушбу жиноят ўсимлик униб чиққан-чиқмаганлиги ёки ўсган-ўсмаганлигидан қатъий назар, экин экилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳаракатлари экин майдони ўлчамидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 270-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилиниб, ушбу модданинг 1-қисми билан квалификация қилиш учун экин майдонининг ўлчами 250 квадрат метргача бўлиши кўзда тутилади.

Тақиқланган экинларни етиштириш деганда, экилган вақтдан бошлаб пишиш босқичигача бўлган давр ичида уларни парвариш қилишни тушунмоқ керак.

Шахс етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни турли майдонларда ўстираётган бўлса, унинг ҳаракатларини квалификация қилишда жами экин майдонидан келиб чиқмоқ лозим.

Агар етиштирилиши тақиқланган ўсимликларни экиш ва етиштириш келгусида наркотик моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, шунингдек, ўтказиш ёки сотиш билан боғлиқ бўлса, бундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг 270-моддаси ва тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилинмоғи даркор.

Жиноят кодексининг 271-моддасига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни эгаллаш учун жавобгарлик улар корхона, ташкилот ва муассасалардан қонунга хилоф равишда олинганда, таркибида наркотиги бўлган ўсимликлар ёки уларнинг бўлаклари қишлоқ хўжалиги корхоналари далаларидан ва бу ўсимликлар ўстирилаётган фуқароларнинг ер майдонларидан қонунга хилоф равишда териб олинганда, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, уларни қонуний ёки қонунсиз равишда эгаллаб турган фуқаролардан қонунга хилоф равишда олинган ҳолларда юзага келади. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, талончилик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, товламачилик, босқинчилик йўли билан эгаллаш (Жиноят кодексининг 271-моддаси) ва ўзгалар мулкини талон-торож этишни назарда тутган тегишли моддаларида кўрсатилган жиноятлар мажмуи билан, фақат бу моддалар (моддалар қисмлари) санкцияси Жиноят кодексининг 271-моддасидагидан оғирроқ жазони кўзда тутган ҳоллардагина квалификация қилиниши лозим.

Тергов органлари ва судлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллашдан мақсад нима эканлигини аниқлашлари зарур. Эгаллаш келгусида ўтказиш ёки сотиш учун амалга оширилганлиги аниқланган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари қайд этилган жиноятларга тайёргарлик кўриш деб ҳам квалификация қилиниши керак.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда (Жиноят кодекси 273-моддаси 1-қисми) уларни ҳар хил усулда тарқатиш (ўзгага бериш, ҳадя этиш, бошқа шахсга укол қилиш, алмаштириш, қарз ва қарзи эвазига бериш ҳамда сотиш ва ҳоказолар)ни тушуниш лозим. Чунки гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни сотиш-ўтказишнинг бир усули деб ҳисобланиши керак.

Қайд этилган жиноятни квалификация қилишда биринчи навбатда ўтказилган (сотилган) гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар миқдоридан келиб чиқиш керак.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сотиш (Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми) уларни ўтказишнинг энг хавфли кўринишларидан ҳисобланади ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар фақат кўп миқдорда сотилсагина мазкур модданинг 5-қисми билан квалификация қилиниши лозим.

Агар айбдор томонидан била туриб гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ниқоби остида қандайдир бошқа моддалар ўтказилса, сотилса, бундай ҳаракатлар фирибгарлик сифатида, олувчининг ҳаракатлари эса - гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни олишга суиқасд қилиш тариқасида квалификация қилиниши керак.

Жиноят кодекси 273-моддасининг 6-қисми ва 276-моддасининг 3-қисмига кўра, гиёҳвандлик воситалари уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс топширилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни тайёрлаганлиги, олганлиги, шунингдек, уларни сақлаганлиги, ташиганлиги ва жўнатганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Шахснинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиши муносабати билан тиббий ёрдам кўрсатишни сўраб, тиббиёт муассасаларига ўз ихтиёри билан мурожаат қилганлиги, уни илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаганлиги, сақлаганлиги, ташиганлиги ва жўнатганлиги, истеъмол қилганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод қилишга фақат бундай мурожаат шахснинг бангиликдан тузалиш нияти билан қилинган ва уни фош этилиши билан боғлиқ бўлмаган ҳоллардагина асос бўлиши мумкин.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда оз миқдорда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг

56-моддасида жавобгарлик кўзда тутилганлигини эътиборга олиш лозим.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича айбдорни банги деб топиш (топмаслик) ва уни мажбурий даволашга юбориш масаласини ҳал қилиш учун зарур ҳолларда наркологик экспертиза ўтказилиши лозим.

Жиноят кодексининг 96-моддасига мувофиқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан гиёҳвандликдан мажбурий даволашни фақат озодликдан маҳрум этиш жойларида эмас, балки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланган ҳолларда тиббиёт муассасаларида амалга оширилиши ҳам тайинланиши мумкин.

Дунё аҳолисининг барча қатламини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари, балки жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Шундагина бу иллатнинг пайи тезроқ қирқилади.

Жиноят ишлари бўйича

Гулистон туман суди девонхона мудири

Б.Нурматов

Report Page