Гулистон туманида 2020 йил ғалла ўриш мавсумида хосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича семинар ўтказилди.
@guliston_t_press
Ғалла-ризқ -рўзимиз. Уни нес-нобуд қилмай, тез ва сифатли йиғиштириб олиш ғаллакордан тадбиркорлик талаб этади. Шу кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бугун Гулистон туманида 2020 йил ғалла ўриш мавсумида хосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда сектор раҳбарлари, ўрим -йиғим отрядлари раҳбарлари ҳамда миришкор деҳқонлар ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари К.Сабиров ва вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж.Гоиповлар иштирок этдилар.


Семинар хушхабар билан бошланди, тумандаги 3 та худуд яъни Янги хаёт СИУ, Саховат СИУ ва Пахтаобод СИУлар пилла топшириш шартномавий режаларини бажардилар. Ушбу илғор худуд СИУ раисларини рағбатлантириш мақсадида телевизорлар топширилди.



Шундан сўнг, вилоят ҳокими ўринбосари К.Собиров сўзга чиқиб, вилоят ғаллазорларида жорий мавсум ғалла ҳосили пишиб етилганлигини, эндиликда ғаллани нест-нобуд қилмай ўриб олиш, ҳосилни турли офатлардан авайлаш, дон қабул қилиш пунктларига етказиш бўйича тизимли иш олиб бориш зарурлигини таъкидлаб, ўз тавсияларини бердилар.

Шунингдек, ғалла ўрим-йиғимига жалб этиладиган техникаларнинг узлуксиз ишлашини, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида техник кўрикларнинг сифатли ўтказилишига, ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаб, пешма-пеш шудгор қилишга алоҳида эътибор қаратилди.




Ғалла хирмонлари барокатли бўлишини Яратгандан сўраб, мавсум иштирокчилари ишига ривожлар тиланиб, Қуръон тиловат ўқилиб, қурбонлик қилинди.


Шундан сўнг, пишиб етилган майдонларда ўрим-йиғим бошланиб, "Ғалла-2020" кампаниясига старт берилди.

Пухта тайёргарлик муваффақият гаровидир.
Гулистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати