ЧАҚАЛОҚ САВДОСИ-ВИЖДОН САВДОСИ

ЧАҚАЛОҚ САВДОСИ-ВИЖДОН САВДОСИ

@guliston_t_press
Google

Халқимизнинг болажонлиги, айниқса чақалоқли оиладаги қадимий урф-одатларнинг ҳанузгача сақланиб келаётганлигида ҳам билинади. Янги инсоннинг дунёга келиши-оила қувончи, авлодлар давомийлиги каби қанча эзгу тилаклар билан узвий боғлиқ.

Нур бор жойда соя бўлгани каби, бундай қувончни дилдан ҳис қилмаганлар, чақалоқларни моддий манфаат деб тушунадиганлар ҳам пайдо бўлгани сир эмас.

Сардобалик “Л” исмли шахснинг 2020 йил, май ойида туғилган чақалоғини  18000 (ўн саккиз минг) АҚШ долларига сотаётган вақтда  вилоят ИИБ ТЭҚКБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими томонидан қўлга олинган. Албатта, бу ҳолат бир кунда содир бўлгани билан тайёргарлик кўрилгани аниқ. Савдолашишда “Л” нинг ёнида турган ва “харидор” топиб берганлар ҳам тегишли жойда сўроқ беришгани аниқ.

2020 йилнинг 3 июнь куни Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи фуқаро, 22 ёшли Н.Ё. 11 май куни туғилган 23 кунлик фарзандини Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Н.И.га 3 000 000 сўмга сотишга келишган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Н.Ё. чақалоғини сотиб, келишилган пулни Навоий шаҳридаги “Навоий” жоме масжиди ёнида олган вақтида ўтказилган тезкор тадбир натижасида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фарғона вилоятида 2020 йилнинг 1 сентябрь куни ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида 24 ёшли Г.С., (аёл) вояга етмаган 1 ёшли фарзанди Ш.Т., ни 1500 АҚШ долларига сотишга келишиб, ушбу суммадан 500 АҚШ долларини олаётган 2017–2020 йиллар ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та жиноят аниқланган. Жумладан, 2017 йилда 69 та, 2018 йилда 46 та, 2019 йил 41 та, 2020 йилнинг 11 ойида 34 та ана шундай жиноятлар аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айблов хулосаси билан тегишли тартибда судга оширилган. Бу жараёнда чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган.

Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан айтиб ўтсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. (Ҳомиладор бўлиб қолганини ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади.)  Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўплиги матбуот ва ижтимоий тармоқларда ҳам ёритиб борилгани сир эмас.

Асосан , чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги, она ҳомиладор бўлган вақтдан бошлаб бола туғилгунга қадар вақт орасида чақалоқ савдосига йўл қўймаслик бўйича самарали механизм ва қонунчилик базасининг йўқлиги ҳам ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратаётгани воқеаларнинг моҳиятидан кўриниб турибди.

Чақалоқ савдосининг туб илдизини қидириш қийин эмас, бироқ унинг иллат сингари жамиятимизга “қора доғ” бўлишининг олдини олиш чораларини кўришимиз керак. Аввало ота-она- фарзандларнинг тарбиясида жавобгар, оила-ҳамма масалаларнинг ечими бўлиши мумкин. Айниқса, ишсиз ёшлар, ҳаётга енгил қарайдиган қизлар-бирданига пайдо бўлмайди-ку. Унга ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабаб. Ҳаётда ўзининг ўрнига эга бўлмаган ёшлар-оила, фарзанд неъматини қандай тушунсин. Ҳамма нарсанинг покизаси-барака ва тотувлик тимсоли бўлади. Чақалоқни моддий манфаат, деб сотаётганларнинг қисмати ҳеч қачон яхшилик билан тўқнашмайди. Қонун ҳам, динимиз ҳам уларни қоралайди.

М.САФАРОВ

Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди раиси

Report Page