Японияга ташриф Ўзбекистоннинг очиқ ва ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада оширди

Японияга ташриф Ўзбекистоннинг очиқ ва ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада оширди


Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиш бошланди. Унда депутатлар дастлаб Президентимизнинг Японияга расмий ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташрифни Япония Императори Нарухито билан учрашувдан бошлаб, парламент ва ҳукумат аъзолари, етакчи компаниялар ҳамда молия институтлари раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказди. Бу учрашувлар ўзаро ишонч ва очиқ мулоқотга асосланган муносабатларнинг юксак даражасини намоён этди.

Депутатлар Ўзбек ва Япон халқларини қадриятлар, менталитет ва тарихий илдизлар яқинлаштириб туришини эътироф этишди. Буюк Ипак йўли давридан бошланган алоқалар бугун таълим, кадрлар тайёрлаш ва маданий-гуманитар соҳаларда изчил ривожланмоқда. Ҳозирга қадар минглаб ўзбекистонлик мутахассислар Японияда таълим ва амалиёт ўтади, мамлакатимизда эса япон тилини ўргатиш тизими кенгайиб бормоқда. Токиода ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари эса халқларимиз ўртасидаги маданий яқинликни янада мустаҳкамлади.

Парламентлараро ҳамкорлик ҳам янги босқичга чиқди. Ўзаро ташрифлар, дўстлик гуруҳлари ва парламентлараро форумлар қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бу каби мулоқотлар давлат бошқарувини такомиллаштириш ва демократик институтларни ривожлантиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, депутатлар иқтисодий соҳада ҳам Ўзбекистон–Япония ҳамкорлиги юқори суръатларда ривожланаётганини қайд этишди. Инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони ва савдо айирбошлаш кўрсаткичлари бир неча баробарга ошди. Энергетика, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик Янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилмоқда. Умуман, мазкур ташриф мамлакатимизнинг очиқ ва ишончли ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузини янада оширди. 


Report Page