Давлат бюджетининг 2025 йил тўққиз ойидаги ижроси кўриб чиқилмоқда
O'zLiDeP фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил тўққиз ойидаги ижросини партия мақсад ва ғояларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқмоқда.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда жаҳонда юз бераётган геосиёсий зиддиятлар ва кескинликлар, глобал иқтисодиётдаги узоқ муддатли ноаниқликларга қарамасдан, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 2025 йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулот 7,6 фоизга ўсиб, унинг ҳажми 1 304 трлн сўмни ташкил этди. Унга кўра, бозор хизматлари 14 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,8 фоизга, қурилиш ишлари 14,2 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсди.
Шунингдек, мамлакат иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар натижасида, жорий йилнинг 9 ойида жами 443,6 трлн сўмлик асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,2 фоизга ошган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 14,4 млрд долларга етиб 55 фоизга ошиши жами асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг ўсишига катта ҳисса қўшди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 366,2 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 4,1 фоизни ташкил этди.
Депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йилги ижроси юзасидан қатор савол ва таклифлар билан юзланди.