Шаффофликни янада мустаҳкамлаш ва бюджет маблағларини манзилли етиб боришини таъминлаш – самарадорликнинг муҳим шартидир
Фракция йиғилишида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси “Ўзбекистон — 2030” стратегияси талабларига тўла мос. Лойиҳа макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни пасайтириш, “яшил” технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этишга қаратилган бўлиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида юқори ўсиш прогнозлари иқтисодиётдаги диверсификация жараёнлари изчил давом этаётганини кўрсатди.
Фракция аъзолари солиқ ва божхона ставкаларининг ўзгармасдан қолдирилиши бюджет даромадларини иқтисодий ўсиш ҳисобидан таъминлаш имконини беришини қайд этишди. Бу эса солиқ маъмурчилигидаги ислоҳотлар натижасида соғлом рақобат муҳитини кучайтириш, “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш ва маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, экология, “Яшил макон”, сунъий интеллект ва маҳалла институтини ривожлантиришга оид ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, ижтимоий ҳаётнинг муҳим йўналишларида комплекс ёндашув таъминланиши қайд этилди.
Депутатлар бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, коррупция ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш зарурати ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси билан ҳам уйғун. Шу боис Фракция молиявий интизом ва шаффофликни янада мустаҳкамлаш, бюджет маблағларини манзилли етиб боришини таъминлаш самарадорликнинг муҳим шарти эканини қайд этишди.