2026 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилиняпти
O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бошланди. Унда дастлаб депутатлар “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини муҳокама қилишяпти.
Қонун лойиҳасига кўра, 2026 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз этиб белгиланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг жами чекланган ҳажми 5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, тақчилликни молиялаштириш учун – 2,5 млрд ҳамда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.
Бундан ташқари, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.
Давлат томонидан мажбуриятлар қабул қилиниши (сотиб олиниши ёки тўланиши) ва давлат томонидан тасдиқловчи хатлар берилиши талаб этиладиган давлат-хусусий шериклик принциплари асосида имзоланадиган барча янги лойиҳалар қийматининг чекланган миқдори эса 6,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифлари ва фикрларини билдириб ўтишмоқда.