Президентимизнинг глобал майдонда Марказий Осиёни ягона овозга айлантиришга хизмат қиладиган ташаббуслари эътироф этилди 

Президентимизнинг глобал майдонда Марказий Осиёни ягона овозга айлантиришга хизмат қиладиган ташаббуслари эътироф этилди 


Депутатлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувининг мантақамиз ривожидаги аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритишди. Хусусан , Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилганини мамнуният билан эътироф этишди. Ушбу стратегик қадам Маслаҳат учрашувларига кучли шиддат беришига, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор тараққиёт масалалари бўйича ҳамжиҳатликда қарорлар ишлаб чиқиш учун янги имкониятлар очишига ишонч билдиришди.

Қайд этилганидек, Маслаҳат учрашувида давлатимиз раҳбари томонидан минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича илгари сурган ташаббуслари минтақамиз ривожи учун ғоят муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Президентимизнинг минтақавий мулоқотнинг маслаҳатлашув шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантириш, Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, навбатма-навбат ишлайдиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтариш каби таклифлар Маслаҳат учрашувлари аҳамиятини янад оширади.

Депутатлар Президентимизнинг бой ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузиш ташаббуси умумминтақавий ҳамжиҳатлик ва ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этишди.

Мамлакатимиз етакчиси савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш вазифаси устувор эканини таъкидлаб, бу ўрта муддатли истиқболда ўзаро савдо ва умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмини 1,5-2 баробар ошириш имконини беришини кўрсатиб ўтди. Маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналаридан биргаликда фойдаланиш минтақамизнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтиради.

Депутатлар Президентимизнинг ташаббуслари Марказий Осиёнинг барқарор ва хавфсиз ривожланишини таъминлаш, уни глобал майдонда ягона овозга айлантиришга хизмат қиладиган узоқ муддатли стратегия шаклида намоён этишига имкон яратишини эътироф этишди.  


Report Page