Президентимиз нутқи халқаро ҳамжамият учун амалий дастур, инсонпарварлик ва барқарор ривожланиш йўлида муҳим қадамдир
Фракция йиғилишида Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон учун муҳим тарихий воқеа экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, мазкур форумнинг Самарқандда ўтказилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ва ислоҳотларга бўлган халқаро ишончнинг ёрқин тасдиғи сифатида тарихда қолади. Самарқанд — асрлар давомида илм-фан, маданият ва бағрикенглик рамзи бўлиб келган шаҳарда бундай нуфузли анжуманнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта устувор ташаббус эса жаҳон ҳамжамияти учун катта аҳамият касб этади. Бу ташаббуслар нафақат илмий-технологик тараққиётимизга, балки жамиятдаги тенглик ва барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Депутатлар иқлим ўзгариши ва ахборот хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилиши “Экологик пойтахт” ташаббуси ва медиа саводхонликни ошириш бўйича таклифлар глобал миқёсдаги таҳдидларга жавоб эканини эътироф этишди. Умуман олганда, Президентимиз нутқи халқаро ҳамжамият учун амалий дастур, инсонпарварлик ва барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.