Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодий тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади
Фракция йиғилишида давлатимиз раҳбарининг Брюсселдаги Европа кенгаши бош қароргоҳи – “Европа” биносида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашувининг аҳамияти ҳақида ҳам фикр билдирилди.
Депутатлар етакчилар томонидан имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битимни юқори баҳоладилар. Ушбу кенг қамровли ҳужжат Ўзбекистон билан ЕИ ҳамкорлигининг нафақат ҳуқуқий асосларни кенгайтириши, балки янги кун тартибини шакллантириши таъкидланди.
Шунингдек, барча даражаларда фаол, сермаҳсул мулоқот ва алмашинувлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан таъкидланди. Ташриф арафасида Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” иккинчи форумида иштирок этди. Куни кеча эса Ҳамкорлик кенгаши ҳамда Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита йиғилишлари муваффақиятли ўтказилди.
Депутатлар Европанинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув натижасида энергетика, кимё, муҳим минераллар, логистика, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард евродан зиёд бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинганини мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этишди.
O'zLiDeP ЕИ билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан бир қаторда, маданий йўналишдаги ҳамкорлик учун катта имконият яратади.