Қўпол қоидабузарликларни содир этган шахсларнинг автомототранспорт воситаси вақтинча олиб қўйилиши мумкин
Фракция йиғилишида депутатлар “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилишди.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда янги “автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш” жазо чораси жорий этилади. Айрим қўпол қоидабузарликларни содир этган шахсларнинг транспорт воситалари суд қарори асосида 6 ойдан 1 йилгача муддатга жарима майдонига жойлаштирилиши мумкин.
Лойиҳада вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш, ноқонуний пойгаларда иштирок этиш, тезликни кескин ошириш, маст ҳолда транспорт бошқариш каби ҳолатлар учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда. Жумладан, тезликни белгиланган меъёрдан 80 км/соатдан ортиқ ошириш учун транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 26,8 миллион сўмгача жарима қўллаш таклиф этилмоқда. Вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш оғир оқибатларга олиб келган ҳолларда эса жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, йўл безорилиги, маст ҳолда транспорт бошқариш, ноқонуний пойгалар ташкил этиш ва бошқа хавфли ҳаракатларга нисбатан таъсир чораларини кучайтириш режалаштирилмоқда. Қонун лойиҳасида пойгалар фақат махсус ажратилган ҳудудларда, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда спорт тадбири сифатида ўтказилиши белгиланмоқда. Бу ўзгаришлар йўлларда хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.