Чет эл фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга оширишини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам қизғин муҳокама қилишди.
Таъкидлаш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда виза тартибининг соддалаштирилиши ва туризм соҳасининг ривожланиши натижасида чет эл фуқаролари оқими сезиларли ошди. Шу билан бирга, меҳнат фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштирмасдан ишлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Янги ҳуқуқий механизмлар ана шундай қонунбузилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Киритилаётган ўзгартиришлар чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимизда меҳнат фаолиятини қонуний асосда амалга оширишини таъминлашга қаратилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, меҳнат фаолияти учун тегишли тасдиқномасиз, амал қилиш муддати тугаган ҳужжат билан ёки тасдиқномада кўрсатилмаган фаолият тури билан шуғулланган чет эл фуқаролари учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва кўриб чиқиш ваколати Давлат меҳнат инспекцияси, ички ишлар органлари ҳамда судларга берилиши назарда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши меҳнат муносабатларида қонунийликни мустаҳкамлаш, меҳнат миграциясини самарали тартибга солиш ва мамлакатимизда адолатли ҳамда шаффоф меҳнат муҳитини шакллантириш йўлида муҳим ҳуқуқий қадам бўлади.