Микрокредитлар рекламаси ва корпоратив бошқарувни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси молиявий хизматлар бозорида шаффофликни ошириш, аҳолининг қарз юкини камайтириш ҳамда истеъмолчиларнинг молиявий хатарлар ҳақидаги хабардорлигини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, сўнгги йилларда микроқарз хизматларига талаб ортиб бораётгани билан бирга айрим кредит ташкилотлари томонидан агрессив кредитлаш амалиёти қўлланилаётгани кузатилмоқда. Айрим ҳолларда кредит маҳсулотлари рекламасида уни тез ва осон олиш имкониятларига урғу берилиб, қарз мажбуриятларининг келгусидаги молиявий хатарлари етарлича очиб берилмаётгани қайд этилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига молиявий хизматлар рекламаси истеъмолчиларни кредитдан фойдаланиш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги мажбурий огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги тўғрисидаги норма киритилмоқда. Бу эса аҳолининг молиявий қарорларни қабул қилишда янада онгли ёндашувини шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунга ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, амалда ўз аҳамиятини йўқотган айрим ташкилий-ҳуқуқий шаклларни, жумладан қўшимча масъулиятли жамият шаклини чиқариб ташлаш орқали корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг қарз юкини камайтириш, кредит хизматлари бозорида шаффофликни таъминлаш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.