Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг депутатлар саволларига жавоб беришини таъминловчи “Кенгаш соати” амалиёти йўлга қўйилади
Фракция аъзолари “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини янада мустаҳкамлаш, жамият ва давлат ҳаётида маҳаллий вакиллик органларининг ролини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишдаги ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янги қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган. Унга кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раисининг ўринбосари институти жорий этилиб, у бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини ҳам бажаради. Шунингдек, Кенгаш Раёсати институти ташкил этилиб, унинг иш фаолияти тартиби белгиланади ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг депутатлар саволларига жавоб беришини таъминловчи “Кенгаш соати” амалиёти йўлга қўйилади.
Мазкур ўзгаришлар маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, вакиллик назоратини кучайтириш ҳамда ҳудудлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда депутатларнинг таъсирчан иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.