Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда барча манфаатдор ташкилотлар масъулиятини ошириш ва парламент назоратини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди 

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда барча манфаатдор ташкилотлар масъулиятини ошириш ва парламент назоратини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди 


Фракция йиғилишида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда миллий қонунчилик халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштирилиб, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Муҳокамада 2025 йил давомида соҳада қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегияси муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Айниқса, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун болалар хавфсизлигини таъминлашда янги ҳуқуқий механизмларни жорий этишга хизмат қилгани таъкидланди. Халқаро ҳамкорлик доирасида глобал ташаббусларга қўшилиш ва UNICEF томонидан берилган ижобий баҳолар ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини кўрсатади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ҳам алоҳида қайд этилди. Мурожаатлар сонининг кескин ошиши фуқароларнинг мазкур институтга ишончи ортиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда таълим муассасаларида ўтказилган текширувлар соҳадаги муаммоларга ўз вақтида муносабат билдирилаётганини кўрсатмоқда.

Йиғилишда алимент ундириш, болаларнинг ижтимоий ва моддий таъминотини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам ижобий баҳоланди. Фракция аъзолари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда барча манфаатдор ташкилотлар масъулиятини ошириш, парламент назоратини кучайтириш муҳимлигини таъкидлаб, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга тўлиқ мос эканини қайд этдилар.


Report Page