Бизнес юритиш учун янада адолатли ва шаффоф муҳит яратилади

Бизнес юритиш учун янада адолатли ва шаффоф муҳит яратилади


Фракция йиғилишида депутатлар “Рақамли маркировкалаш тизими самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.

Депутатлар сўнгги 8 йилда халқимизни сифатли ва хавфсиз истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш, ноқонуний ишлаб чиқариш ва муомалани чеклаш, шунингдек солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини қайд этишди. Бу эса иқтисодиётимизни соғломлаштириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Аммо қонунчиликда белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш ҳамда уларнинг айланмасини тўлиқ кузатиб бориш тизимини янада кучайтириш зарурияти юзага келди. Шу боис мазкур қонун билан Солиқ кодексига муҳим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, товарларни мажбурий маркировкалаш қоидаларига риоя этилиши бўйича масофавий солиқ текширувларини солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан, аввал икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан сўнг ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, бундай текширувлар натижаси бўйича қарор қабул қилиш механизми аниқлаштирилмоқда.  

Ушбу қонун нормалари аҳолини сифатли ва ишончли маҳсулотлар билан таъминлашга, яширин иқтисодиётни янада қисқартиришга ҳамда солиқ тўловчилар учун маъмурий босим ва солиқ юкини камайтиришга хизмат қилади. Натижада бизнес юритиш учун янада адолатли ва шаффоф муҳит яратилади.


Report Page