Тадбиркорлар учун ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган яна бир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди 

Тадбиркорлар учун ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган яна бир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди 


Фракция йиғилишида “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва валютани тартибга солиш либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.

Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, кейинги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тенг рақобат муҳитини шакллантириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда ташқи савдо ва валюта муносабатларини либераллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу чоралар бизнес юритишда ортиқча тўсиқларни камайтириш ва ишбилармонлик фаоллигини оширишга қаратилган.

Шу жараёнда тадбиркорлик субъектларининг айни бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча бор жавобгарликка тортилишининг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилигини янада адолатли қилиш ҳамда ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилишга доир талабларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди. Бу бизнес учун ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун билан ташқи савдо операциялари бўйича активларни белгиланган муддатларда репатриация қилмаганлик учун жавобгарлик чоралари юмшатилиб, репатриация талаблари соддалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Солиқ кодексига ҳам “бир ҳуқуқбузарлик — бир жавобгарлик” тамойилини таъминлашга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Қонун қабул қилиниши инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ташқи савдо операцияларини енгиллаштиришга, активларнинг ўз вақтида репатриация қилинишини таъминлашга ҳамда тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Натижада бизнес муҳит яхшиланиб, тадбиркорларнинг солиқ мажбуриятларини бажаришда масъулияти ортади ва иқтисодий фаолликка янги туртки берилади.


Report Page