Президентимиз ташаббуслари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади 

Президентимиз ташаббуслари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади 


Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бошланди. Унда депутатлар дастлаб давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш учун тежамкорлик ва инновацияга асосланган янгича бошқарувни жорий этишнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар ҳақида сўз юритишди. 

Қайд этилганидек, инвестиция лойиҳалари билан ишлашда янги ёндашув жорий этилиши бугунги замоннинг ўткир талабидир. Эндиликда лойиҳалар нафақат ишга туширилиши, балки юқори қўшилган қиймат яратиши, ташқи бозорга чиқиши ва барқарор иш ўринларини таъминлаши асосий мезон бўлади. Бу жараён “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси орқали уч йил давомида мониторинг қилиб борилади.

Депутатлар экспорт масаласига ҳам стратегик нуқтаи назардан ёндашиш зарурлигини таъкидлашди. Ички бозор ҳисобидан юқори ўсишга эришиб бўлмаслиги, шу боис янги маҳсулотлар билан Европа ва АҚШ каби қиммат бозорларга чиқиш зарурлиги қайд этилди. Экспорт ҳажмини камида 15 фоизга ошириш, бозорлар географиясини кенгайтириш тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига белгилаб берилган аниқ вазифалар иқтисодиётимиз тараққиёти учун муҳим қадам эканини эътироф этишди. 

Депутатлар Президентимиз ташаббуслари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватлашди. Янги маҳсулотлар, янги бозорлар ва хорижий элчилар билан яқин ҳамкорлик “Made in Uzbekistan” брендини халқаро миқёсда янада оммалаштиришга хизмат қилишини эътироф этишди. 


Report Page