“C5+1” саммити Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади
Йиғилишда депутатлар Президентимизнинг жорий йил 5-6 ноябрь кунлари “C5+1” саммитида иштироки доирасида илгари сурилган ташаббуслар ва эришилган келишувларни ҳам юқори баҳолашди.
Таъкидланганидек, “C5+1” форматидаги саммит ўтган 10 йилда минтақавий савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айланди. Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Давлатимиз раҳбари “C5+1” формати доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ишга тушириш каби таклифлар минтақамиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ноёб минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун Махсус қўмитани тузиш, Марказий Осиё минтақаси қишлоқ хўжалигини Америка технологияларини жорий этган ҳолда модернизация қилиш мақсадида Минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил этиш ташаббуслари ҳам ғоят муҳим экани эътироф этилди.
Депутатлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва таклифлари Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.