«САРИШУНГУЛ» ОВУЛ ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ:  ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ, ТАБИИЙ ГАЗ ВА ИЧИМЛИК СУВИ МУАММОЛАРИ БЎЙИЧА ДЕПУТАТЛИК СЎРОВНОМАСИ ЮБОРИЛДИ

«САРИШУНГУЛ» ОВУЛ ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ:  ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ, ТАБИИЙ ГАЗ ВА ИЧИМЛИК СУВИ МУАММОЛАРИ БЎЙИЧА ДЕПУТАТЛИК СЎРОВНОМАСИ ЮБОРИЛДИ

deputatisaqulov

Каналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/deputatisaqulov

Аввал хабар берганимиздек, Хўжайли тумани 38-сонли «Кулоб» сайлов округида мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида, фуқароларнинг ёзма мурожаатларига асосланиб, ҳокимият вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари билан масалаларни атрофлича ўрганиб, давлат идора ва ташкилотларига депутатлик сўровларини юбормоқдамиз.

ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС ДЕПУТАТИНИНГ 2020 ЙИЛ I, II, III ЧОРАК ФАОЛИЯТИ ҚИСҚА САТРЛАРДА: https://t.me/deputatisaqulov/132

2020 йил ноябрь ойида Депутат қабулхонасида Хўжайли тумани собиқ «Миртазабий» МФЙ фуқаролари Ш.Султанова ва А.Абдукадиров томонидан ёзилган, шунингдек яна бир қанча фуқаролар томонидан имзоланган гуруҳли мурожаат қайд этилди.

  Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
20–21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар асосида 2017 йилда Хўжайли туманида
20 та 3 қаватли уй-жойлар
қурилиши режалаштирилиб, ушбу уйлар қурилиши режалаштирилган ҳудудда жойлашган 31 та эски хонадонлар бузилган. Бузилган уй эгаларига компенсация тўловлари белгиланган тартибда тўланган.

Фуқароларга Хўжайли тумани ҳокимининг қарори билан тумандаги «Саришунгул» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан уй-жой қурилиши учун ер майдонилари ажратилиб берилган. Айни пайтда 31 нафар хонадон соҳиблари ажратилган янги ер участкасида ўзлари учун турар-жой биноларини бунёд этиб, мана бир неча йилдирки, оила аъзолари билан кўчиб кириш имконини излашмоқда.

Негаки, «Саришунгул» овул фуқаролар йиғинидан ажратилган ҳудуд электр ва табиий газ таъминоти ҳамда ичимлик суви тармоғига уланмаган.

Аниқроғи, жорий йилнинг 3 ноябрь санасида бундан 3 йил муқаддам Хўжайли туманининг «Миртазабий» маҳалласида яшаган 31 нафар оила фуқароларидан шикоят аризалари тушди ва унинг мазмуни (умумлаштирилган шаклда) қуйидагича:

Хўжайли тумани, «Миртазабий» МФЙ фуқаролари томонидан ёзилган гуруҳли мурожаатда Хўжайли тумани Мустақиллик кўчасидаги уйлар 2017 йил август ойида «снос»га тушиб, сўнг бузилгани баён қилинади.
2017 йилда 31 та хонадонга «Дўстлик» овули ҳудудидан 6 сотих ер майдони ва компесация маблағлари ажратилган. Фуқароларнинг ёзишича, туман ҳокимияти ажратган ер майдони туман марказига яқин (4–5 чақирим), йирик автомобил трассасининг бўйида. Ўтган вақт оралиғида маҳалладошлар ўз имконига қараб янги уй-жойларни қуриб битказишган, аммо, минг афсуски, кўчиб бориб яшашига айни пайтда имкон йўқ.
Мурожаатчилар ёзма равишда: бир неча маротаба Хўжайли тумани ҳокимиятига, бундан ташқари Президент вертуал қабулхонасининг «Ишонч телефони»га (2020 йил январь ойида), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Нарбаевага, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасига (2020 йил февраль ойида), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига (2020 йил март ойида), шу жумладан «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» бош директори Х.Аймановга, «Хўжайлитумангаз» филиали раҳбари Ф.Юсуповга, «Туямўйин-Нукус» корхонаси директори А.Б.Қудайназаровга, “Сув тармоқлари” филиали раҳбари Қ.А.Қаниязовларга, Хўжайли туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари С.Уразимбетовга мурожаат этишган.
Мурожаатчилар давлат корхона ва ташкилотларидан амалий ёрдам кўрмагач, «Хўжайли ТВ» канали блогери Шарофитдин Абдураҳмоновга мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқ орқали масалани кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишди:
https://www.youtube.com/watch?v=OyF2XflYLBw&feature=youtu.be

Билишимизча, мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти бўйича энг оғир ҳудуд — бу Оролбўйи туманлари. Экологик инқирозга юз тутган Хоразм вилоятининг айрим ҳудудлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби муаммолар бир талай.

Ичимлик суви таъминоти биринчи рақамли масала бўлса, мавжуд ичимлик сувининг (сув ресурсларининг) сифати яна бир жиддий муаммо.

Айрим ҳудудлардаги бир неча йиллар давомида фойдаланилмаган ичимлик суви таъминоти қувурлари айни пайтда талабга жавоб бермаслиги, уларни янгилаш ва тиклаш учун катта миқдордаги маблағлар зарурлиги ҳозирда барчамизга аён.

Мамлакатимизда куз-қиш мавсумининг илк ойлариданоқ об-ҳавонинг кескин совуши истеъмолнинг ошишига сабаб бўлиб, бунинг оқибатида электр энергияси ва табиий газ таъминоти бўйича бир қанча муаммолар вужудга келди. Электр қурилма ва тармоқларининг белгиланган меъёрдан ортиқ юкламада ишлаши оқибатида ҳимоя тизимининг автоматик тарзда ишлаши туфайли узилишлар содир бўлмоқда, ноқонуний уланмалар ва бошқа омиллар натижасида электр энергиясидан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари мавжуд, табиий газ қувурларида босимнинг камайиши, айрим истеъмолчилар томонидан газ қувурларига қўлбола насос ускуналарининг уланиши, бундан ташқари, суюлтирилган газ таъминотида транспорт ва етказиб бериш суръати билан боғлиқ муаммолар талайгина.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш, автомобилларга сиқилган ёқилғи қуйиш шахобчалари фаолияти ва кимёсаноати — энг йирик табиий газ истеъмолчилари ҳисобланади. Шунинг баробарида аҳоли эҳтиёжини қондириш ҳам кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Янги аҳоли пунктларига электр тармоқларини тортиш, симёғочлар ва трансформаторлар ўрнатиш, газ тақсимловчи ускуналар ўрнатиш ва газ қувурларини етказиш, эскирган ускуналарни янгилаш ва таъмирлаш учун катта миқдордаги пул маблағлари зарурлиги, аҳолида энергоресурслардан йирик қарздорлик мавжудлиги овулларда ўтказилган учрашувларда атрофлича муҳокама этилган.

Қувонарлиси шуки, овуллар аҳолиси, маҳалла фаоллари, шу жумладан, шикоят ариза эгалари ҳам овулларда истеъмол қилинган ресурсларга (электр, газ, ичимлик суви) тўлов маданиятини юксалтиришга ёрдам бериб, электр ва газ таъминотидаги турли ноқонуний уланмаларга йўл қўйиб бераётган фуқаролар ҳамда мансабдор шахслар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга тайёр эканликларини билдиришди. 

Юқорида тилга олинган мурожаат эгалари 2021 йилнинг баҳор ойларида янги хонадонларга кўчиб ўтишни режалаштирганлиги боис (айни пайтда яшаш учун шароит йўқ, оила аъзолари турли жойларда ижарада яшашмоқда) қуйидагилар:

·     2021 йилнинг февраль ойигача электр тармоғига улаш (трансформатор ўрнатиш);
·     2021 йилнинг февраль ойидан суюлтирилган газ таъминоти, 2021–2022 йил куз-қиш мавсумигача табиий газ таъминоти;
·     2021 йилнинг февраль ойигача ичимлик суви таъминоти ўтказиш бўйича мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровномалари юборилди ва ушбу жараёнга бевосита раҳбарлик қилиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш учун туман ҳокими Ж.М.Ермашовга ёзма мурожаат киритилди.

 Албатта, юқорида санаб ўтилган ишларни бажариш осон иш эмас, аммо 31 та хонадон эгаларининг муаммолари ҳам бошқа муаммолар ечими қаторида ижобий ҳал этилиши лозим.

Бир сўз билан айтганда, мутасадди ташкилот раҳбарларидан масалага ечим — «Миртазабий» МФЙ фуқароларининг шикоят аризаларида санаб ўтилган: «Саришунгул» овул фуқаролар йиғинига:  электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, ички йўлларини асфальтлаш (тош қопламаси), 31 та янги хонадон фарзандлари мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига қатнаши ҳамда бошқа масалалар бўйича амалий натижа, ижобий ечимларни кутиб қоламиз.

Электрон почта: isaqulov@uzbekistonmet.uz

 

Ҳурмат билан,

  Д.А.Исақулов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати

 

ДЕПУТАТ ҚАБЫЛЛАЎХАНАСЫ / ДЕПУТАТ ҚАБУЛХОНАСИ

Каналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/deputatisaqulov

 

Ахборот ҳамкори: «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati

                 


Report Page