МАМЛАКАТИМИЗДА ҲЕЧ БИР ИНСОН, ҲЕЧ БИР ОИЛА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЭЪТИБОРИДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ!

МАМЛАКАТИМИЗДА ҲЕЧ БИР ИНСОН, ҲЕЧ БИР ОИЛА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЭЪТИБОРИДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ!

uzbekistonmet.uz

Каналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/deputatisaqulov

Бугунги кунда «COVID–19» (коронавирус) юқумли касаллигининг олдини олиш борасида Республикамизда, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси туманлари, жумладан Хўжайли туманида ҳам профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда, карантин режими талаблари кучайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли «Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хўжайли тумани ҳокимлиги, шахсан туман ҳокими Ж.М.Ермашов бошчилигида, бир қатор тадбирлар амалга оширмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон экологик партияси туман кенгаши ҳамда тумандаги Жўқорғи Кенгес депутати ваколатхонаси ходимлари томонидан ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзингизга маълумки, мамлакатимизда эълон қилинган юқумли касаллик даврида оммавий тадбирлар бекор қилиниб, барча хизмат кўрсатиш шахобчалари ёпилди, авиа, темирйўл, автотранспорт қатновларига чекловлар эълон қилинди ва аҳолига кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда. Бундай пайтларда энергоресурслар, жумладан табиий газ ва электр энергияси таъминотида узлуксиз равишда амалга оширилиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади. Айниқса охирги кунларда кузатилган табиат инжиқликлари энергетиклар кеча-ю кундуз кучайтирилган тартибда иш ташкил этишини тақозо этмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4649-сон «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклашда нодавлат тиббиёт ташкилотлари имкониятларидан фойдаланишни назарда тутади.  Қарорда давлат тиббиёт муассасаларида 5 мингдан ортиқ ўрин-жойлар захираси яратилганлиги айтиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли амалиётларни бажариш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Фармонда, жумладан, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгилаб берилган. Бу, ўз навбатида, доимий иш ўрнига эга бўлмаган, вақтинча ишсиз, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги мавжуд аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоялаш унсурлари янада кучайтирилганидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, эл бошига иш тушганда Давлатимиз раҳбари, Ҳукуматимиз аъзолари томонидан юқумли касаллик тарқалишининг олдини олиш, карантинда уйида ўтирган аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, таътилга чиққан ўқувчиларга онлайн дарсларини ташкил этиш, ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштироки бўлмаган ходимларни масофавий иш тарзига ўтказиш ва бошқа бир қанча амалиётлар бўйича барча имкониятлар сафарбар этилган. Шу ўринда шифокорлар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ ва энергетикларнинг хизмати муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Ҳурматли Хўжайли аҳолиси, азиз хўжайлиликлар!

Бундай синовли кунларни биз фақат ҳамжиҳатлик ва сабр-тоқат билангина енга оламиз. Бунинг учун уйда, оиламиз бағрида фойдали иш билан шуғулланишимиз тавсия этилмоқда ва бунда бир олам ҳикмат бор.

Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон халқига мурожаатидан бир жумла келтиришга изн бергайсиз.

Шавкат Мирзиёев: «...Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг».

Халқимиз қадим-қадим замонлардан бери чорвачилик, деҳқончилик, хусусан томорқа деҳқончилиги билан шуғулланиб келишган. Оила даврасида фарзандлар билан китобхонлик, мутолаа маданияти, телевидение орқали онлайн дарслар, қизиқарли кўрсатув ва бадиий фильмлар томошаси, бадантарбиядан ташқари жисмоний меҳнат билан шуғулланиш ҳам кони фойда.

Ёшлигимда ота-буваларимиздан эшитган бир гап ҳеч эсимдан чиқмайди. Илгари совчилар остона хатлаб ҳовлига кираётганларида томорқадаги экинларга, ишлов берилиб буталанган дарахтларга, аёллар ва болаларга яратилган шароитларга қараб хонадон соҳибига, шунингдек, уйнинг ичкарисидаги озодалик, меҳмонга ёзилган дастурхону фарзандларнинг меҳмонлар олдида ўзларини тутиш одобига қараб хонадон бекасига баҳо беришган экан. Бундай гўзал урф-одатларимизда олам-олам ҳикмат мужассам.

Ҳокимлик вакиллари билан депутатлик ваколатлари доирасидаги иш фаолияти билан шуғулланиб, айрим мурожаатчилар хонадонига ташриф буюрганимизда, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳовлисини боғга айлантирган, оддий ва бежирим, қўлбола иссиқхоналар қурган, фарзандларини фойдали меҳнатга ўргатиб, даромад топаётган, бир сўз билан айтганда, хонадонини файзли масканига айлантира олган оилаларга ташриф буюрмоқдамиз. Бироқ, афсуски, ўзбўларчилик кайфиятидан чиқолмай юрган айрим юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Мисол учун, уйининг остонасига икки қатор терак экмайдиган хонадонлар, томорқасидаги ер майдони ташландиқ ҳолга келган оилалар ҳам мавжуд.

Хулоса шуки, барчаси ўзимизга, ўз хатти-ҳаракатларимизга боғлиқ. Айниқса, бугунги карантин пайтида, баҳорнинг илиқ кунларида хонадонларимизда қолиб, юқумли касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшаётган бир пайтда бу ҳақда обдон ўйлаб, тегишли хулосалар чиқариш эртанги кунимиз учун хизмат қилади.

Ҳурматли хўжайлиликлар!

Ижозатингиз билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан берилган тавсияларни ёдингизга солиб ўтамиз:

✔️ Ўзбекистон ва дунёдаги эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлиб боринг!
✔️ Зарурат бўлмаган тақдирда оммавий тадбирларда иштирок этишдан имкон қадар чекланинг!
✔️ Қўлларни тез-тез, яхшилаб совун билан ювинг ва спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланинг!
✔️ Фарзандларингизнинг қўл ювишини доимий назоратга олинг!
✔️ Юз-кўзингизни тоза бўлмаган қўл билан ушламанг!
✔️ Уй ҳайвонларини боқишда, асрашда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!
✔️ Одамлар олдида йўталганингизда ёки аксирганингизда оғзингиз ва бурнингизни дастрўмол, салфетка ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг!
✔️ Шамоллаш ёки грипп аломатлари бор одамлар билан яқин, юзма-юз мулоқот қилишдан чекланинг!
✔️ Овқатланишда яхшилаб пиширилган, асосан қайнатилган ва қовурилган таомлардан истеъмол қилинг, истеъмол қилинаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг яхшилаб пишганлигига ишонч ҳосил қилинг!
✔️ Иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!
✔️ Энг асосийси — шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!!!

  Агарда сизда COVID-19 коронавируси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол туғилса, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71 276-49-66 телефон рақамига ёки 1003 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Бундан ташқари, якка ўзи яшайдиган қариялар, ногиронлиги бор шахслар, боқувчиси ишсиз қолган кўп болали оилалар, ёлғиз оналар ва оталар манзилли ёрдам олиши мумкин. Сall-марказга қўнғироқлар бепул амалга оширилади. Ёрдам бир сутка давомида кўрсатилади. Ёрдам ҳақидаги мурожаатни қабул қилишлари учун паспорт маълумотлари ва маҳалла номини маълум қилиш керак. Агар call-марказга қўнғироқ қилиб туша олмасангиз, бевосита маҳалла қўмитасига мурожаат қилиш мумкин. У ерда сизни ўз рўйхатларига қўшишади ва Ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштириш марказига беришади. Эслатиб ўтамиз call-марказ рақами — 1197.

Биз меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковати, метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонамиз. Ишонинг, мамлакатимизда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътиборидан четда қолмайди! Яратганнинг ўзи бутун инсониятни, Ўзбекистон халқини, шу қатори хўжайлиликларни ҳам ўз паноҳида асрасин!

Д.А.Исақулов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси

 

ДЕПУТАТ ҚАБЫЛЛАЎХАНАСЫ / ДЕПУТАТ ҚАБУЛХОНАСИ

Каналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/deputatisaqulov

Report Page