Жиноят йўлидан қайтган ёшлар кафилликни оқлайдими?

Жиноят йўлидан қайтган ёшлар кафилликни оқлайдими?

@Jinoyatlar
.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилотида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни соғлом муҳитга қайтариш, ўқиш ва касбга йўналтириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тошкент давлат юридик университети мутахассислари, Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази психологлари, ҳуқуқшунослар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган меморандум ижросини таъминлаш доирасида ёшлар кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизми ижроси юзасидан маълумот берилди.

Жумладан, жорий йилда адашиб жиноят йўлига кирган, содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 600 нафардан ортиқ ёш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг ёшлар кафиллиги асосида суд залидан озод қилиниб, уларга судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланди. Уларнинг 53 нафарини вояга етмаган ёш, 30 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Лойиҳа доирасида Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши томонидан вилоятларнинг олис туманларида жойлашган 20 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинида давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, жойларда “Ҳуқуқий маслаҳатхона” бурчаклари ташкил қилиниб, ёшлар билан очиқ мулоқот қилинди.

Матбуот анжуманида ёшлар кафиллиги асосида суд залидан озод қилинган ёшларни соғлом муҳитга қайтариш, ўқиш ёки касбга йўналтириш борасида аниқ ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича ишлар таҳлил қилинди. Ҳудудларда ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг эрта олдини олиш юзасидан билдирилган таклифлар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида ёшлар учун психологик тренинг ташкил этилди.

Г.БОБОЕВА, ЎзА 


Report Page