bvxtb. xabar

bvxtb. xabar

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ ҚОРАКЎЛ ТУМАНИДАГИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА БЎЛДИ

     17 июнь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятида бўлиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар, таълим муассасаларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишди.

  Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А. Сафаров ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамроҳлигида дастлаб Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактабида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг

2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросига мувофиқ, Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқувчиларининг халқаро олимпиадаларда қўлга киритган ютуқларини инобатга олиб, муассасага Халқаро математика мактаби мақоми берилди. Ўқувчилар учун  қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи биноси мактаб-интернат балансига ўтказилди. Ушбу бинони  таъмирлаш учун давлат Инвестиция дастури асосида 2020 йил учун 16 миллиард сўм, инқирозга қарши курашиш фонди маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўм, жами 21 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Мавжуд 100 ўринли ётоқхона ҳамда ўқув корпусининг том қисми тўлиқ алмаштирилди. Асосий бинода замонавий деразалар ўрнатилди, сув қувурлари ва электр тизими янгиланган тартибда ўрнатилди. Айни пайтда бинонинг фасад ва  ички қисмида пардозлаш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 200 ўринга мўлжалланган қўшимча ётоқхона биносининг қурилиши ҳам жадал давом эттирилмоқда.

  Халқ таълими вазири жараённинг боришини бевосита кузатиб, тегишли йўналишда ўз тавсияларини берди.

  Шундан сўнг тумандаги 9- ва 6-умумтаълим мактаблари фаолияти билан яқиндан танишди. Илм муассасаларидаги таълим сифати, педагоглар салоҳияти, карантин жараёнида ўқув-тарбия ишларининг олиб борилишига эътибор қаратди. Айниқса, мактабнинг моддий-техник аҳволига жиддий аҳамият берилди. Айтиш жоизки, 6-умутаълим мактабига 2013 йилда қуввати 180 ўринга мўлжалланган қўшимча янги бино қуриб берилган. Бироқ мазкур мактабнинг 1968 йилда барпо этилган 360 ўринли биноси бирмунча эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Айни пайтда илм муассасаси 2021 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилган.

  Тумандаги 9-умумтаълим мактабининг 1988 йилда бунёд этилган 1176 ўринли биноси ҳам бугунги кунда таъмирланишга муҳтож. Мазкур муаммони баратараф этиш мақсадида мактабни кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритиш таклифи берилди.

 Ш. Шерматов бу борада ҳам зарур кўрсатмалар бериб, бажарилиши лозим бўлган вазифаларни аниқ белгилаб берди.

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати


Report Page