buxoro xtb.uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси
ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ УСМОНЖОН ШАРИФХЎЖАЕВ БУХОРО МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмонжон Шарифхўжаев Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Амрилло Сафаров ҳамроҳлигида вилоятдаги бир нечта умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим муассасаларининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Даставвал Бухоро шаҳридаги 29-умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Айтиш жоизки, 2019-2020-ўқув йилида ушбу илм масканида таълим-тарбия сифатини юксалтириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, илм маскани француз тилига йўналтирилиб, ўқувчиларга инглиз тили қаторида Бухоро давлат университетининг хорижий факультети ўқитувчиларини жалб этган ҳолда француз тилини ҳам чуқур ўргатиш йўлга қўйилди. Эндиликда мактабда немис тилини ҳам ўқитиш режалаштирилмоқда.


Мактабнинг 11-синфида ижтимоий-гуманитар йўналишда вариатив ўқув режаси муваффақиятли тажриба-синовдан ўтказилди. Шунингдек, фан ойликлари доирасида илғор тажрибали ўқитувчиларнинг ишларини оммалаштириш, республикамиздаги нуфузли олийгоҳлар ва мактаблар билан яқин ҳамкорлик қилиш анъаналари йўлга қўйилди.

У. Шарифхўжаев мактабнинг бу каби ташаббусларини астойдил қўллаб-қувватлади ва ўзининг зарурий тавсияларини берди.
Мамлакатда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби биносида айни пайтда қизғин қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари қурилиш майдонида бўлиб, бунёдкорлик жараёнини кўздан кечирди. Бинонинг ҳар жиҳатдан сифатли бўлишига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлаб, масъул ходимларга муҳим кўрсатмалар берди.
Шунингдек, тумандаги 43-ИДУМИ ва 5-умумтаълим мактабларига ташриф буюриб, жорий ўқув йилида мактабни тамомлаган битирувчилар ва уларнинг кейинги мўлжаллари билан қизиқди. Мустақил ҳаёт остонасида турган йигит-қизларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларида ўқитувчиларининг мустаҳкам суянч бўлишлари муҳим эканлигини таъкидлар экан, бу борада бажарилиши лозим бўлган қатор вазифа ва топшириқларни белгилаб берди.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати