buxoro vxtb.uz

buxoro vxtb.uz

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ БУХОРОЛИК ИЛҒОР ТАЖРИБАЛИ ПЕДАГОГЛАР БИЛАН СУҲБАТЛАШДИ

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тизимда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш чораларини белгилаш, соҳадаги аҳволни ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятига қилган ташрифи жараёнида юқори кўрсаткичларга эришган умумтаълим мактаблари директорлари, тажрибали ўқитувчилари ҳамда фан методистлари билан учрашди.

Учрашув аввалида халқ таълими вазири Бухоро азалдан илму урфон маркази бўлиб келгани, айни дамда ҳам вилоят таълим кўрсаткичлари бўйича мамлакатда пешқадам саналишини, ўзига хос “Бухоро тажрибаси” мавжудлигини алоҳида эътироф этди.

Битирувчилари олийгоҳларга ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича юқори натижаларни қайд этган мактаб директорлари ва ўқитувчиларига алоҳида миннатдорчилик билдирди. Ушбу натижаларга эришишнинг ўзига хос жиҳатларини оммалаштириш ва бу орқали нафақат Бухоро, балки мамлакатимиз таълим сифатини юксалтириш, битирувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичларини ошириш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, бугунги кунда педагогларга касбий маҳоратларини ошириш борасида моддий манфаатдорликка эга қатор имкониятлар яратиб берилаётгани, хусусан, инглиз тили фани ўқитувчилари учун тил билиш даражасини белгиловчи сертификатлар олиш, таълим платформаларидан бепул фойдаланиш имтиёзлари берилаётганлигини қайд этди. Шундай бўлса-да, аксарият педагоглар бу каби имкониятлардан самарали фойдаланишмаётганини танқид қилди. “Хўш, қандай қилиб педагогларни ўз устларида ишлашлари, изланишларини жонлантириш мумкин? Уларда ўз касбига садоқат ва фидойилик ҳиссини кучайтириш учун яна нималар қилса бўлади?” деган саволни ўртага ташлади.

Учрашув жараёнида педагоглар бу борада ўзларининг илғор тажрибалари билан ўртоқлашдилар, мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида ўз таклифларини билдирдилар.

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати


Report Page