buxoro vxtb.uz

buxoro vxtb.uz

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ВАЗИРНИНГ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА БЎЛДИ

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятига ташрифининг иккинчи кунида  битирувчиларни олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини ошириш, бу борада аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

2020 йилда Бухоро вилояти умумтаълим мактабларининг 11-синфини тамомлаган 25 413 нафар битирувчиларнинг 5 508 нафари турли ОТМларга ўқишга қабул қилинди.

Шунга қарамасдан, вазир томонидан ОТМга кириш кўрсаткичлари етарли бўлмаган мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Бугун, 4 декабрь куни Халқ таълими вазири вилоятдаги ана шундай мактабларнинг бир нечтасида бўлди. Вобкент туманидаги 24-, Пешкў туманидаги 10- ҳамда Ромитан туманидаги 27–умумтаълим мактаблари фаолияти билан яқиндан танишар экан, таълим жараёнининг қай тарзда ташкил этилаётганлигига алоҳида аҳамият қаратди.

Мактаблар раҳбарияти ва ўқитувчилар билан суҳбат жараёнида бундай паст натижа сабаблари муҳокама этилди. Ушбу мактабларда ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада мавжуд муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди, раҳбарлар масъулиятини ошириш бўйича қатъий чоралар кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, айни пайтда олий таълим муассасаларига кира олмаган битирувчиларнинг тақдири, уларни бандлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Ташриф жараёнида вазир 11-синф ўқувчилари билан учрашиб, уларнинг келажак орзу-мақсадлари ҳақида суҳбатлашди. Жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.

 Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати

Report Page