buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ БУХОРО ВИЛОЯТИДА
Бугун, 3 декабрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Вилоят халқ таълими тизимида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш чораларини белгилаш, соҳадаги аҳволни ўрганиш мақсадидаги ушбу ташриф даставвал "Халқаро ногиронлар куни" муносабати билан Бухоро шаҳридаги 23-махсус мактаб-интернати фаолияти билан танишишдан бошланди. Таянч аъзоларида нуқсони бўлган болаларни ўқитишга ихтисослашган санаторий туридаги ушбу таълим муассасасида айни пайтда 278 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бериш баробарида уларга чуқур тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади. Бу ерда тарбияланувчиларнинг билим олиши ва даволаниши учун барча шароитлар яратилган.

Халқ таълими вазири муассаса фаолияти билан яқиндан танишар экан, ўқув хоналарида мавжуд имкониятлар, айниқса, тиббий бўлимдаги физиотерапия, уқалаш, даволаш, гимнастика ва изолятор хоналарида олиб борилаётган муолажа жараёнларини алоҳида эътибор билан кўздан кечирди.
Шунингдек, муассасада ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар, йўлга қўйилган тўгараклар фаолияти ва бу тўгарак аъзолари томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмалари билан ҳам танишди.


Ташриф жараёнида вазир муассаса ўқувчилари билан суҳбатлашиб, жамиятда ҳар бир бола меҳр ва эътибор оғушида эканлигини алоҳида таъкидлади. "Халқаро ногиронлар куни" муносабати билан болаларга бадиий китоблар тўпламлари туҳфа қилинди.
Навбатдаги манзил Бухоро шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби бўлди. Ушбу таълим-тарбия масканининг навбатлилик коэффициенти 0,7 ни ташкил этади.

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масаласига соҳани янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган. Фармон ижроси доирасида Бухоро шаҳридаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган мактабларни хусусий секторга ишончли бошқарувга бериш тажрибаси амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида 15-умумтаълим мактабини ишончли бошқарувга бериш режалаштирилган.

Халқ таълими вазири таълим муассасасидаги шарт-шароитларни кўздан кечириб, Фармоннинг ушбу йўналишдаги истиқболлари, мактаб рейтингини кўтариш масалалари ва ишончли бошқарув лойиҳасининг “Бухоро тажрибаси”ни яратиш масалаларига алоҳида тўхталди. Бу борада бир қатор кўрсатма ва тавсияларини берди.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати