buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиМАКТАБ ЎҚУВЧИСИ ИНГЛИЗ ТИЛИДАГИ ИБОРАЛАР ТЎПЛАМИНИ ЯРАТДИ
11-синф ўқувчиси Жамшид Луқмоновнинг “Инглиз тилида оғзаки нутқда ишлатиладиган иборалар” номли мўъжаз тўпламида инглизларнинг кундалик турмуш ҳаётида қўлланиладиган 100 дан ошиқ иборалар жамланган бўлиб, инглиз тилини чуқур ўрганишни мақсад қилганлар учун бу муҳим қўлланма ҳисобланади.

-Инглиз тилини ўрганиш жараёнида бундай ибораларга тез-тез дуч келиб қолардим,-дейди Жамшид. –Уларни тўғридан-тўғри таржима қилса, гап мазмуни тамоман бузилиб кетади. Шунда инглиз тили фани ўқитувчим Дилшод Ахмедов менга “қайси тилни ўрганмоқчи бўлсанг, аввал ўша миллатнинг ҳаёт тарзи, урф одати, маданиятини ўрганишинг лозим”лигини уқтирдилар. У кишининг ёрдамлари билан бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлардан шундай ибораларни йиғиб, таржима қила бошладим. Ҳеч қанча ўтмай, ён дафтарчам тўлиб қолди. Устозимнинг маслаҳатлари билан 2020 йилда уни тўплам ҳолида нашр эттирдим. Аммо бу йўналишдаги изланишларим тўхтаб қолгани йўқ. Ибораларни йиғишда давом этяпман. Мақсадим - инглиз тилини чуқур ўрганишга киришган тенгдошларимга ёрдам бериш.
Жамшид Луқмонов айни пайтда Ғиждувон туманидаги 8-сон давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг 11-синфида таҳсил олади. 5-синфдан инглиз тилини чуқур ўрганишга киришган бу тиришқоқ ва зеҳни ўткир ўқувчи жуда қисқа фурсатда яхшигина натижаларга эришди. 2016-2017-ўқув йилидан Билимлар беллашувининг туман босқичида доимий ғолиблар қаторида бўлди. 2019 йилда “Ёшлар Иттифоқи мактаб сардорлари мусобақаси” нинг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам фаол иштирок этди. Шу йили мактаб-интернати жамоаси таркибида “Creative Youth Festival” танловида ҳам фаол қатнашиб, жамоанинг вилоят босқичида ғолибликка эришишида муносиб улуш қўшди.
-Жамшид-мактабимизнинг фахри саналади, -дейди мактаб-интернатининг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Шамсия Нажмиддинова. -2019 йилда у инглиз тилидан B2 даражали Миллий сертификатни қўлга киритди. Жорий йилда эса Халқаро IELTS имтиҳонида 7 балли натижага эришди. Келажакда у бизнес ва маркетинг йўналишида жаҳон тажрибасини ўрганиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати