buxoro vxtb. uz

buxoro vxtb. uz

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси

Ҳоким ва мактаб

ҒИЖДУВОН ТУМАНИДА МАКТАБЛАРДАГИ ЖИҲОЗЛАРНИ ТАЪМИРЛАШ БРИГАДАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Муҳтарам Юртбошимиз Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табрик нутқида халқ таълимини ривожлантириш - умуммиллий мақсад, умумхалқ ҳаракати этиб белгиланганлигини такрор таъкидлар экан, маҳаллий ҳокимлар, раҳбарлар эътиборини яна бир бор мактабларга қаратди. “Мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қарашимиз лозим. Мактаб – фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур” дея уларнинг тизим олдидаги масъулияти, дахлдорлигини оширди.

Ана шундан келиб чиқиб, Ғиждувон туман ҳокими М.Умаров мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Туман мактабларида кўп йиллар фойдаланиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган парта ва стулларни қайта таъмирлаш биригадасининг ташкил қилинганлиги ҳам ана шу эътиборнинг намунасидир. Айни пайтда мазкур бригада томонидан таълим муассасаларидаги эскирган 500 та парта ва 1000 та ўриндиқлар йиғиб олиниб, таъмирланмоқда.



-Илм масканларимизда етарли шарт-шароитларнинг, имкониятларнинг яратилганлиги – ўқувчиларнинг чуқур билим олишларида, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришда муҳим аҳамиятга эга,-дейди туман халқ таълими бўлими мудири З.Абдуллаева. – Ана шу эзгу мақсад йўлида туман ҳокимлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мактабларимизда мавжуд имкониятлар янада кенгайтирилмоқда. Жумладан, яқинда тумандаги 54-умумий ўрта таълим мактабига 5 та замонавий компьютер етказиб берилди.Ўқувчиларнинг ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини ошириш, уларнинг замонавий воситалар орқали билим олишини таъминлаш мақсадида 30-мактабга ҳам 3 дона шундай компьютер совға қилиниб, мавжуд компьютер хонасида IT-синф хонаси ташкил этилди.

Бундан ташқари тумандаги 10-, 36- ҳамда 56-умумий ўрта таълим мактабларининг исситиш тизимлари қайта янгиланди. Бу куз-қиш мавсумини беталофот ўтказиш, ўқувчиларнинг иссиқ хоналарда таълим олишини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Туман мактабларида мавжуд 400 комплект униқиб қолган ўқувчилар парталарининг янгилаб берилганлиги синф хоналарининг жиҳозланиш даражасига ижобий таъсир кўрсатди. 

Айтиш жоизки, иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам четда қолгани йўқ. Яқинда фан олимпиадасининг иккинчи босқичида ғолибликни қўлга киритган 80 нафар ўқувчилар туман ҳокимлиги томонидан қарийб 5 миллион сўмлик совғалар билан тантанали равишда тақдирландилар.

Бундай рағбат,эътибор ўқувчиларимизни янада руҳлантириб, янги марралар сари ундаши, шубҳасиз. 

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати


Report Page