buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиБУХОРО ВИЛОЯТИДАГИ 20 ТА УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА БИРИКТИРИЛДИ
ОТМ-МАКТАБ ҳамкорлик лойиҳаси асосида республикада таълим сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқилди. Унга кўра, битирувчилари олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича энг паст натижага эришган умумтаълим мактаблари олий таълим муассасаларига бириктирилиши кўзда тутилган.
Жорий йилда Бухоро вилояти умумтаълим мактабларининг 11-синфини тамомлаган 25 413 нафар битирувчиларнинг 5 508 нафари турли ОТМларнинг талабасига айланди. Бу натижа билан Бухоро вилояти мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш кўрсаткичлари бўйича мамлакат рейтингида ўтган йилги ўрнини сақлаб қолди.
Эътироф этиш жоизки, бу натижаларда Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби (95,8%), Вобкент туманидаги 6-ИДУМИ (91,3%),Ғиждувон туманидаги 62-(81%), 63-(75%)ИДУМИлар, Когон туманидаги 1-ИДУМ(73,1%)нинг муносиб улуши бор.
Аммо, тассуфки, бу борада жуда паст натижаларни қайд этган таълим муассасалари ҳам анчагина.
ОТМ-МАКТАБ таълим сифатини ошириш кўрсатмалари асосида битирувчилари олий ўқув юртларига кириш бўйича энг паст натижага эришган 20 та умумтаълим муассасаси вилоятдаги 4 та олий ўқув юртига бириктирилди.
Айни пайтда Ромитан туманидаги 28-, Жондор туманидаги 17-, 18-, 42-, Бухоро туманидаги 36-, 50-, Ғиждувон туманидаги 55-умумтаълим мактаблари Бухоро давлат университети билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаган бўлса, Ромитан туманидаги 25-, Олот туманидаги 6-, Бухоро шаҳридаги 18-, Вобкент туманидаги 24-, Жондор туманидаги 41-мактаблар Бухоро муҳандислик-технология институтига биритирилди. Шунингдек, Олот туманидаги 21-, Ғиждувон туманидаги 10-, Вобкент туманидаги 6-мактабларда эндиликда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали билан, Ромитан туманидаги 21-, 27-, Шофиркон туманидаги 50-, Олот туманидаги 13- ҳамда Бухоро туманидаги 44-умумтаълим мактабларида Бухоро тиббиёт институти билан ҳамкорликда иш олиб борилади.
-Ҳамкорлик доирасида олий таълим муассасаларига бириктирилган мактабларимизда фаолият юритаётган фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва сифат таркибини яхшилаш, мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамровини оширишда кўмак берилади,-дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева. – Мактабларда “ҳаёт сабоқлари”, “олимлар куни” ва “кафедралар соати” каби мавзуларда семинар ва очиқ мулоқотлар ўтказиш амалиётларини жорий қилиш, юқори синф ўқувчилари учун, уларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, мактаб қошида олий таълим муассасаларига кириш синовларига тайёрлов курслари, фан тўгараклари ҳамда иқтидорли ўқувчилар ўртасида “ОТМ олимпиадаси”ни ташкил этиш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жараёнда шунингдек, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати