buxoro vxtb. uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиЖорий йилнинг 9 октябрь куни ижтимоий тармоқлар орқали “Шофиркон туманидаги 26-мактаб директори тарификация учун деб ўқитувчилардан мажбурий 10 минг сўмдан пул йиғмоқда” сарлавҳаси остида тарқатилган аудиоёзув юзасидан муносабат.
Мазкур аудиоёзув вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан эътиборга олиниб, мавжуд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар жараёнида аудиоёзувдаги овоз чиндан ҳам Шофиркон туманидаги 26-мактаб директорига тегишли эканлиги аниқланди.
Мактаб ўқитувчиларининг ёзма кўрсатма беришларича, жорий йилнинг 7 октябрь санасида мактаб раҳбари ўқитувчилар иштирокида йиғилиш ўтказиб, улардан 10 минг сўмдан пул талаб қилган. Аммо ҳали бирорта ўқитувчидан пул йиғилмаган.
Мактаб директори карантин шароитида ўқитувчиларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан рағбатлантириш ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ўрнига турли баҳоналар билан улардан пул талаб қилган. Бунинг оқибатида туман халқ таълими фаолиятига нисбатан салбий муносабат пайдо бўлишига йўл қўйган.
Ўрганишлар олиб борилганида, туман халқ таълими бўлими томонидан ўқитувчилардан ҳеч қандай тўлов ёки бошқа моддий нарсалар талаб қилиниши каби салбий ҳатти-ҳаракатлар содир этилмаганлиги аниқланди.
Юқоридаги каби ноқонуний ҳолатларнинг юз беришини олдини олиш мақсадида туман мактаблари директорлари орасида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шофиркон туманидаги 26-мактаб директорига нисбатан меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланди.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси