buxoro vxtb. uz
бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиИжтимоий тармоқлар орқали тарқатилган “Мактаб ўйингоҳи экин майдонига айлантирилди” сарлавҳали мурожаатга муносабат
Жорий йилнинг 2 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Мактаб ўйингоҳи экин майдонига айлантирилди!” сарлавҳаси остида Шофиркон туманидаги 45-мактаб ҳудудининг ачинарли аҳволга келиб қолганлиги, мактаб ўйингоҳи экинзорга айлантирилгани ҳақидаги мурожаат эълон қилинди. Ушбу мурожаат вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан эътиборга олиниб, мавжуд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўрганишлар олиб борилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мактабнинг ўқув биноси 2014 йилда қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни пайтда 336 ўринга мўлжалланган мазкур илм масканида 320 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Ўрганишлар жараёнида мурожаатда келтирилган болалар ўйингоҳининг экин майдонига айлантирилганлиги ҳақидаги маълумот ҳеч қандай асосга эга эмаслиги, аксинча мактаб ҳудудидаги ташландиқ ҳолда ётган ер майдони мактаб маъмурияти ҳамда ўқитувчиларнинг ташаббуси билан текисланиб, ўз маблағлари ҳисобидан ободонлаштирилгани аниқланди. Ушбу ер майдони болалар ўйингоҳидан 15 метр нарида жойлашган бўлиб, болалар ўйингоҳига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Болалар ўйингоҳи ҳажми бўйича стандарт талабларига тўлиқ жавоб беради.
Бироқ 2014 йилда мактаб ўйингоҳини ўраш учун қурилган деворнинг бир қисми жорий йилда юз берган табиий офат туфайли қулаган. Ушбу ҳолат юзасидан мактаб маъмурияти томонидан туман ҳокимлигига деворни тўла бузиб, унинг ўрнига янгидан панжара ўрнатиш таклифи тайёрланиб, тез орада мавжуд муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси