buxoro vxtb. uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ЮКСАЛТИРИШ ОМИЛИДИР
Бугун фан соҳаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон таълимининг дунё миқёсидаги нуфузини ошириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, таълимнинг пойдевори саналган халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, таълим сифат ва самарадорлигини янги босқичга кўтариш алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида бу борада бир нечта муҳим қонуний ҳужжатлар қабул қилинганининг ўзиёқ, фикримизнинг яққол исботидир.
Жумладан, 2020 йил 7 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, 2020-2023 йиллар мобайнида ҳар бир туман шаҳарларда биттадан математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокимининг 2020 йил 6 июлдаги 277-сонли қарорига асосан Бухоро вилоятида ҳам 4 та ҳудудда, яъни, Когон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Олот туманидаги 17- ҳамда Пешкў туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаблари негизида математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Ушбу мактаблар белгиланган тартибда туман (шаҳар)лар ҳокимлари томонидан оталиққа олиниб, айни пайтда уларни янги ўқув йилига тайёрлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 12 августида “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблари, туман (шаҳар)ларда кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Янги ўқув йилидан Бухоро вилоятида ҳам кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди. Айни пайтда мазкур мақомга эга бўлган Ромитан туманидаги 11-, Қоракўл туманидаги 43- ва Жондор туманидаги 2-ИДУМларда қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 ноябрдаги “Бухоро заминида етишиб чиққан зиёли аждодларимизнинг илмий мерослари, ушбу заминнинг бой тарихини инобатга олган ҳолда, келажакда етук олим ва зиёлиларни етиштиришга пойдевор бўлувчи мактаб таълимининг “Бухоро тажрибаси”ни жорий этиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган йўл харитаси” га асосан, бобокалонимиз, бутун дунё тан олган буюк табиб, аллома таваллуд топган замин- Пешкў туманида табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш ҳам белгиланган эди. Айни пайтда тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактаби негизида ана шундай ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ташкил этилди.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати