buxoro vxtb. uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиФеруза ЖЎРАЕВА, Вобкент туманидаги 1-мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси:
ТИЛ БИЛМОҚ – ЭЛ БИЛМОҚ

Бутун оламга “Шарқ Арастуси” дея ном таратган буюк қомусий олим Абу Наср Фаробий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларини мукаммал эгаллаган ва 160 дан ортиқ асар яратган. Унинг барча асарлари ўша даврдаёқ дунёнинг кўплаб мамлакатларида севиб мутолаа қилинган, катта шуҳрат қозонган. Бобокалонимизнинг бу қадар кенг билимларни чуқур эгаллашга эришгани ҳайратланарли. Бироқ энг ҳайратланарлиси, унинг 70 дан ортиқ тилни билганлигидир.
Астрономия, физика, математика, геодезия, минералогия, тарих, филология сингари фан соҳаларида оламшумул тадқиқотлар қилган улуғ аллома Абу Райҳон Беруний бу соҳаларда қатор рисолалар яратиш билан бирга, таржимонлик фаолиятини ҳам олиб борган. Тарихий қўлёзмаларнинг гувоҳлик беришича, у ўз она тилидан ташқари 8 та тилни мукаммал билган.
Тил билиш ҳамма замонларда ҳам инсон онгу тафаккури, маънавияти, маданиятини юксалтиришнинг муҳим воситаси ҳисобланган. Айниқса, мамлакатимиз жаҳонга юз тутаётган бугунги кунда тил тилиш- катта ҳаётий эҳтиёжга, заруратга айланиб бормоқда. Дунё билан бўйлашиш учун, аввало тиллаша олиш лозим. Шу боис ҳам бугун чет тиллари таълимига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, умумтаълим мактабларининг чет тили фани ўқитувчилари ва ўқувчилар учун бу борада ниҳоятда улкан имкониятлар яратиб бериляпти. Вобкент туманидаги 1-мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси Феруза Жўраева ана шу имкониятардан самарали фойдаланиб, қатор ютуқларни қўлга киритиб келаётган маҳоратли педагоглардан бири.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини муваффақиятли тамомлаб, 2004 йилда ўз фаолиятини бошлаган Феруза олийгоҳда қунт билан эгаллаган билимларини амалиётга моҳирона қўллашга киришди. Бу борада тажрибали устозларнинг маслаҳатларига таянди. Кези келганда ижодкорлигини ишга солди. 2013 йилда Гёте институтининг гранти асосида Германияда давлатида бўлиб, бошланғич синфларда чет тилини ўқитиш методикаси бўйича малака ошириб қайтгани унинг фаолиятига янгича босқични бошлаб берди. Германия, шунингдек, таълим сифати бўйича дунё миқёсида етакчи ўринларни эгаллаб келаётган қатор мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда педагогик салоҳиятини оширишга, тил ўргатишда ўз усулларини яратишга киришди. 2013-2014 ўқув йилида муаллима илк бор “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловида иштирок этиб, вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди. Бу ютуқ унинг ўзига бўлган ишончи, қатъиятини янада мустаҳкамлади. 2017 йилда Феруза Жўраева халқ таълими вазирлиги ҳамда Гёте институтининг “Таълим соҳасидаги ҳамкорлик” лойиҳаси асосида иккинчи марта Германия давлатида бўлди. Бу ерда у “Чет тилларини ўқитишни ўргатиш” мавзусидаги семинарда иштирок этиб, ўз билим ва тажрибаларини бойитиб қайтди. Ўрганганлари асосида вилоят педагогларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида тренерлик фаолиятини олиб борди.

Ҳар доим юксак мақсадларни кўзлаб, қатъият ва сабот билан изланган тиришқоқ муаллима Феруза Жўраева 2017-2018 ўқув йилида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиблар қаторидан жой олди ва шу йили “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2018-2019 ўқув йилида эса унинг муаллифлигида яратилган услубий тавсия “Энг яхши методик тавсия” кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринга лойиқ топилди. Шунингдек, ўқувчиси Ситора Камолова ҳам кетма-кет фан олимпиадасининг туман босқичида энг юқори кўрсаткичларни қайд этиб, ғолибликни қўлга киритди. Жорий ўқув йилида муаллима ушбу ўқувчиси билан биргаликда Германия ресубликасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўқиб тушуниш” танловида муваффаққиятли иштирок этиб, махсус сертификат билан тақдирланди.
Айни пайтда Феруза Жўраева Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактабида ўқувчиларга немис тилидан сабоқ бериш билан бирга Ўзбекистон республикаси давлат таълим инспекциясининг Бухоро вилоят бўлимида эксперт ўқитувчи сифатида фаолият олиб бормоқда.
Муаллим тажрибасидан
Тил ўргатишнинг самарали усуллари
- Маълумки, чет тилини ўргатиш-ўрганиш муайян жиҳатлари билан она тили ва иккинчи тилдан кескин фарқланади. Бу эса, ўз навбатида,тегишли чет тил ўқитиш технологиясини қўллашни тақозо этади.Бинобарин, чет тили ўқитувчиси ўқувчиларнинг ўз она тилини, иккинчи тил ва у ўрганаётган чет тилини амалий ва назарий пухта билмоғи даркор. Шунингдек, тил ўргатишнинг илғор методларини ўзлаштирган бўлиши лозим. Фаолиятимда синалган ана шундай методлардан бир нечтасини ҳамкасбларимга ҳам тавсия этаман.
Ўқувчи билан ишлаш тартиби:
Якка тартибда ишлаш - бу ижтимоий шакл бўлиб, унда ўқувчилар мустақил равишда топшириқ устида ишлашади. Масалан, матнни мустақил ўқишлари, иш варағини тўлдиришлари ёки тадқиқот ўтказишлари мумкин. Бу пайтда ўқувчига унинг қобилиятидан келиб чиққан топшириқ берилади. Агар ўқувчи қобилиятли ва яхши билимга эга бўлса, у ҳолда матнни тўлиқ ўқиб, саволлар тузиш топшириғи берилиши мумкин. Аксинча, ўзлаштириши паст ўқувчига эса матннинг бир қисми ёки маълум бир матнга оид савол устида ишлаш вазифасини топшириш мумкин. Бундай вазиятда ўқувчи ўзини эркин ҳис этади ва қизиқиши сўнмаган ҳолда топшириқни охиригача бажара олади.
Гуруҳда ишлаш – бу бир нечта ўқувчиларнинг вазифани ҳал этиш учун биргаликдаги иши. Бунда ўқувчилар жамоа бўлиб, бир мақсад сари ҳаракатланишади. Бу услуб ўқувчиларнинг бирдамлик, ҳамкорликда ишлашнинг яхши томонларини тушунишларида ҳамда топшириқни бажаришда креатив ёндашувни ўрганишларига ёрдам беради. Ҳамкорликдаги ҳаракат жараёнида ўқувчилар ўзаро фикр алмашишади, бир-бирини тинглашни ва асосийси, чет тилида гапириш кўникмасини шакллантиришади.
Шериклик (жуфтлик)да ишлаш - бу икки ўқувчи биргаликда топшириқ устида ишланадиган шакл. Бунда асосан диалоглар тузиш, уни саҳналаштириш ёки матнларни устида биргаликда ишлаш топшириқлари бажарилади.
Ўқувчи билан ишлаш шакллари:
Лойиҳа бўйича кўрсатма - бу лойиҳа йўналтирилган ва амалга ошириладиган дарс. Ўқитувчи маслаҳатчи ва модератор ролини бажаради. Ўқувчилар вазифаларни ўзаро тақсимлаган ҳолда лойиҳа устида мустақил ишлайдилар.
Матн бўлимларда ва ҳар хил топшириқларда ўқиладиган иш шакли. Матн 4 қисмга бўлинади ва ҳар бир матн бўлими учун қуйидаги тўртта вазифани ўз ичига олган гуруҳ шакллантирилади: 1-гуруҳ матннинг мазмуни ҳақида саволлар беради. 2-гуруҳ матнни умумлаштиради, учинчи гуруҳ номаълум сўзлар ва ибораларни изоҳлашни сўрайди, 4-гуруҳ эса матн қандай давом этиши ҳақида фараз билдиради.
Машқлар:
Навбатма-навбат машқи. Бу бир хил машқларни кетма-кет бажарадиган иш шакли бўлиб, ўқувчилар кейинги ким бўлишини ўзлари ҳал қилишади. Масалан ушбу машқни “Мевалар” мавзусидаги машғулотда қўйидагича қўллаш мумкин: Ўқитувчи немис тилида мевалардан бири-олма сўзини айтиб, қўлидаги тўпни ўзи истаган ўқувчига оширади. Ўқувчи чаққонлик билан тўпни ушлаб олиб, устози айтган сўзни айнан талаффуз қилади ва яна бир меванинг номини айтиб, қўлидаги тўпни ўз истаган ўқувчига оширади. Машқ шу тарзда энг охирги ўқувчи топшириқни бажаргунча давом эттирилади. Мазкур машқнинг афзаллик томонлари шундаки, ўқувчи янги сўзларни айтиш ва такрорлаш орқали ўйин тарзида луғат бойлигини ошириб боради.
Яна бир қизиқарли машқлардан бири “Сезги орқали диктант ёзиш” машқи. Бунда ўқувчилар кетма-кет – поэзд вагончалари шаклида тизилишади. Ўқитувчи энг охирда турган ўқувчининг курагига мавзуга оид бирор гап ёки иборани ёзади. Ўқувчи уни сезгиси билан аниқлаб кейинги ўқувчининг курагига ёзади. Шу йўсинда охирги иштирокчига қадар давм этади. Ушбу машқ ўқувчининг диққати ва сезгисини кучайтириб, ёзилган сўзни хотирасида мустаҳкам ўрнашишига ёрдам беради. Чунки ҳис этиб ўрганилган билим, тошга ўйилган нақш каби унитилмас бўлади.
“Югуриш диктанти” машқи эса ўқувчининг ҳам жисмоний, ҳам ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Қувноқ стартлар мусобақасига ўхшаб кетувчи ушбу машқда синф ўқувчилари икки ёки уч гуруҳга бўлинадилар. Ўқитувчи ўқувчиларнинг билим даражаси ва ёш хусусиятларига қараб, қоғозга мавзуга оид бир нечта гап ёзади. Ҳар бир гуруҳдан биттадан ўқувчи югуриб келиб, қоғозга ёзилган битта гапни ўқиши ва ўз жамоасига қайтиб, уни айнан шу кўринишда бехато қилиб бошқа қоғозга ёзиши керак. Агар хатоликка йўл қўйса ёки бирорта сўзни унутиб қолдирса, қайта бориб, уни тузатиши лозим бўлади. Шу тарзда матн тўлиқ ва бехато кўчирилгунча машқ давом этади. Топшириқни биринчи бўлиб бажарган гуруҳ ғолиб саналади. Ушбу машқ ўқувчиларнинг хотирасини мустаҳкамлаб, янги сўзларни ўрганиш ва уларни бехато ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати