buxoro vxtb. uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиАВГУСТ КЕНГАШЛАРИ: ҲАР ҚАНДАЙ ШАРОИТДА ҲАМ ТАЪЛИМ ЎЗ ДОЛЗАРБЛИГИНИ ЙЎҚОТМАСЛИГИ ЛОЗИМ!
Янги – 2020-2021 ўқув йили олдидан ташкил этилган халқ таълими ходимларининг Август кенгашлари мазмун-моҳияти ана шу ғояни ўз ичига олди. Ўқитувчилар бунда тизим янгиликлари, дарсликдаги ўзгаришлар, илғор тажрибалар ва замонавий ўқитиш усуллари асосидаги тавсиялар билан танишар эканлар, аввало зиммаларидаги масъулиятнинг не чоғли шарафли ва айни пайтда машаққатли эканлигини англамоқлари, ҳар қандай шароитда ҳам ўз устларида изланишлари, педагогик маҳоратлари ва тажрибаларини доимий бойитиб, иш услубларини замон билан ҳамқадам ўзгартириб, такомиллаштириб боришлари лозимлигини ҳам чуқур ҳис этдилар.

Бугун 26 август куни “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган вилоят август кенгашининг ялпи йиғилишида ҳам бу жиҳатга алоҳида урғу берилди. Онлайн тарзда кечган мазкур йиғилишда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази, Ички ишлар бошқармаси, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, халқ таълими бошқармаси раҳбар ходимлари, бўлим бошлиқлари ва мутахассислар, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим мактабларида ташкил этилган студияларда халқ таълими бўлими мудирлари, шунингдек, умумтаълим мактаблари директорлари, методистлар ва педагоглар иштирок этдилар.

Дастлаб вилоят халқ таълими бошқармаси ўринбосари Шерзод Астанов сўзга чиқиб, тугалланган 2019-2020 ўқув йилида тизимда амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, педагог ходимларни ҳар қўллаб-қувватлаш, уларнинг нуфузини ошириш масаласи давлат сиёсати даражасида муҳим аҳамият касб этмоқда. Яратилаётган имкониятлар ва эътибор самараси ўлароқ, вилоят халқ таълими тизимида эркак ўқитувчиларнинг сони 2016 йилда 2020 йилларга нисбатан 920 нафарга ошиб, 6699 нафарга етди. Бу кўрсаткич умумий ўқитувчилар сонига нисбатан 24 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, сўнгги йилларда умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Қурилишлар сони деярли 50 фоизга, реконструкция қилинган ва мукаммал таъмирланган мактаблар сони 25 фоизга, спорт заллари сони 20 фоизга ошди. 2019 йилда умумтаълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Инвестиция дастурига асосан, вилоятдаги 16 та мактабда 32,6 миллиард сўмлик, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 28 та мактабда 80,3 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Жорий йилда эса Инвестиция дастурига 16 та объект киритилган бўлиб, қурилиш таъмирлаш ишларига 97,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда 3 та янги мактаб қурилиши, 7 та муассасада реконструкция, 6 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПҚ-5969-сон Фармонига мувофиқ, Инқирозга қарши курашиш жамғармалари доирасида қўшимча 4 та таълим муассасаси реконструкция қилинди.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш учун 1582,0 миллион сўм маблағ ажратилди. Шундан 1448,0 млн сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига, 134,0 млн сўм бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига тўғри келади. Ҳозирги кунда ушбу маблағлар 100 фоиз молиялаштирилди.
Ўқув жараёни ва методик хизмат кўрсатиш йўналишида ҳам самарали фаолият олиб борилди. Пандемия даврида Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Online maktab”ни назорат қилиш учун халқ таълими бошқармаси ва туман, шаҳарлар халқ таълими бўлими методистлари томонидан ижтимоий тармоқларда ташкил этилган гуруҳлар орқали каскад усули орқали онлайн дарслар мунтазам назорат қилиб борилди. Карантин даврида вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан 1-11- синфлар кесимида ўзбек ва рус тилларида 22 та телеграм каналлари ташкил этилди. Мазкур телеграм каналлари ўқув йили мобайнида ўқувчиларнинг ўқув дастуридаги мавзуларни осон ўзлаштиришлари ва билим олишларида яқин кўмакчи бўлди. Бу жараёнга вилоятдаги энг илғор, ижодкор ва маҳоратли ўқитувчиларнинг қарийб 200 нафари жалб этилди. Улар томонидан кўплаб қизиқарли видео ва аудиоёзувлар, видеороликлар, слайд-тақдимотлар,тест топшириқлари, бошқотирмалар ҳавола этилди. Турли мавзулардаги интеллектуал мусобақалар, кичик олимпиадалар ҳамда викториналарнинг ташкил этилганлиги ҳам машғулотларнинг самарали ва серзавқ бўлишини таъминлади.
Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, педагог ходимлар касбий компетентлигини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг назарий билимларини ривожлантириш мақсадида вилоятда барча фанлар йўналишида 165 та таянч мактаби ташкил этилган бўлиб, унда 300 га яқин тренер-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Таянч мактаблари фаолиятини кенг ёритиш мақсадида жорий йилнинг январь-февраль ойларида 9 та ўқув-амалий семинари ташкил этилди ва методистлар томонидан 12 та методик тавсия, 42 та намунали дарс ишланмалари, тест топшириқлари намуналари, 85 та дарс тақдимотлари ишлаб чиқилиб, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларига етказилди.
Якунланган ўқув йилида 25 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоятда, 9 нафар педагог ходимларнинг иш тажрибаси Республика миқёсида оммалаштирилди.
2019-2020 ўқув йилида вилоятдаги 533 та умумтаълим муассасаларида таҳсил олган ўқувчиларнинг 25612 нафари 11-синфни тамомлади. Уларнинг 19 349 нафари олий ўқув юртларига, 1194 нафари коллеж ва техникумларга ўқиш истагини билдиришган. Қолган 4868 нафар битирувчиларимиз айни пайтда маҳаллий ҳокимликлар кўмагида иш билан таъминланмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, аъло баҳолари ва намунали хулқи учун 446 нафар битирувчилар олтин ва кумуш медаллари билан тақдирланди.
Яна бир қувонарли, фахрланса арзигули натижалардан бири шуки, битирувчилар орасида муддатидан илгари олийгоҳларга талаба бўлиш имкониятини қўлга киритган иқтидорли, билимли ўқувчиларнинг борлигидир. Бухоро шаҳридаги 8-мактаб ўқувчиси Мирфайз Салимов ва Бухоро туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Фазлиддин Исматов бир пайтнинг ўзида 20 та, Бухоро туманидаги 2-мактаб ўқувчиси Бехруз Амонов 9 та, Ғиждувон туманидаги 28-мактаб ўқувчиси Азизбек Камолов ва 65-ИДУМ ўқувчиси Шерзод Янгиевлар бир пайтнинг ўзида 6 та энг нуфузли хорижий олийгоҳларнинг талабаси бўлиш бахтига мушарраф бўлишди. Бу каби иқтидорли ўқувчилар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.
Шунингдек, вилоят ўқувчилари фан олимпиадаларининг республика ва халқаро босқичларида ҳам фаол иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритишди.
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида 14-16 ёшдаги ўсмирлар ўртасида ўтказилган III Халқаро интеграциялашган фан олимпиадасида бухоролик ўқувчилар ҳам иштирок этиб, совринли натижаларни қайд этдилар. Бухоро вилояти Қоракўл Халқаро математика мактаби 8-синф ўқувчиси Анвар Раҳматов кумуш, 10-синф ўқувчиси Севара Остонова бронза медалга сазовор бўлди, 8-синф ўқувчиси Тўймурод Қодиров эса фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Қозоғистон Республикаси Олма-ота шаҳрида математика, физика ва информатика фанларидан бўлиб ўтган 16-Халқаро Жаутиков (IZHO) олимпиадасида Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш, Ғиждувон туманидаги 5-ИДУМнинг 10-синф ўқувчиси Диёрбек Толибов бронза медал соҳиби бўлишди.
Жорий йилда онлайн тарзда ўтган 54-Халқаро Менделеев олимпиадаси Бухоро шаҳридаги 35-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Собиров Фирдавс ва Жондор туманидаги 49-ИДУМнинг 11-синф ўқувчиси Акобир Нарзуллаевлар бронза медалларини қўлга киритишди. Ушбу икки иқтидорли ўқувчи 52-Халқаро кимё олимпиадасида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси таркибида муносиб иштирок этишди. Натижаларга кўра Фирдавс Собиров бронза медалига сазовор бўлди, Акобир Нарзуллаев эса фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Йиғилишда, шунингдек, асосий эътибор дарс машғулотларига қаратилиши, ўқувчининг эртанги тақдири учун ўқитувчи шахсан масъул эканлигини, аввало, ҳар бир педагог теран тушуниб етиши зарурлиги алоҳида уқтирилди. Янги ўқув йилида педагогларимиз олдида турган муҳим вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни янада яхшилаш, дарс жараёнига инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги, айниқса, бугунги пандемия шароитида педагоглар зиммасидаги масъулият янада ошиши таъкидланди. Қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялаш йўлидаги фидойилиги учун тизимдаги бир гуруҳ ходимлар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Йиғилиш сўнгида вилоят халқ таълими бошқармасининг Август кенгашлари тавсиялари юзасидан вилоят халқ таълими ходимларига мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати