buxoro vxtb. uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИДА БУХОРОДА МАТЕМАТИКАГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН 4 та МАКТАБ ИШ БОШЛАЙДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4708-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2023 йиллар мобайнида ҳар бир туман шаҳарларда биттадан математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш режалаштирилган.

Бухоро вилояти халқ таълими тизимида 2020 йилда 4 та ҳудудда математика фанига ихтисослаштирилган мактаби ташкил этилиши кўзда тутилган эди. Янги ўқув йилидан Когон шаҳридаги 17- ва Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳамда Олот туманидаги 31- ва Пешкў туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаблари негизида математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар фаолият бошлайди.
Ушбу мактаблар туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан оталиққа олинган бўлиб, айни пайтда уларни янги ўқув йилига тайёрлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш борасида қизғин иш олиб борилмоқда.
Жумладан, Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида ҳам математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда мазкур илм масканида Инвестиция дастури доирасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Эндиликда илм маскани тамоман замонавий кўриниш ва қулай шарт-шароитларга эга бўлади. Кенг ва шинам синф хоналари, фан кабинетлари ҳамда лобаратория хоналари барча зарурий жиҳозлар билан таъминланади. Илм масканида яратилаётган бу каби имкониятлар, шубҳасизки, ихтиослаштирилган мактабнинг самарали фаолият бошлашида муҳим роль ўйнайди.

Янги ўқув йилида мазкур илм масканида математикага ихтисослаштирилган 2 та синфда 60 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган. Айни пайтда ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, вилоятда ўз ўрнига эга бўлган мазкур мактабда математика йўналишида илғор тажриба ва юксак салоҳиятга эга ўқитувчилар талайгина. Математикага ихтисослаштирилган синфларда ўқув жараёнини олиб боришда ушбу ўқитувчилар жалб этилади.

-Ахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси билан келишилган ҳолда мактабда IT-park филиали ҳам жойлаштириладиган бўлди, -дейди илм маскани директори Вали Сулаймонов. – Бунинг учун учта хона ажратилиб, айни пайтда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. IT-parkда оптик толали кабеллар тортилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғи билан ишлаш имкониятининг яратилиши ўқувчиларимизнинг “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаларида иштирок этиб, дастурлаш йўналишида ҳам ўз билим ва иқтидорларини ривожлантиришларида муҳим омил бўлади.
Олот туманидаги 17-умумтаълим мактаби негизида ҳам ҳам математикага ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши режалаштирилган. Ўтган ўқув йилидан Олот иқтисодиёт коллежи биносида фаолият юритаётган мактаб айни чоғда тўлиқ таъмирланган ва моддий техник базаси билан таъминланган.

Янги ўқув йилида мактаб математикага ихтисослаштирилган 1 та синфда 30 нафар ўқувчи қабул қилишни режалаштирган. Айни пайтда ўқиш истагини билдириб, ҳужжат топширган ўқувчилар сони 65 нафарни ташкил этмоқда. Ихтиосслаштирилган синфга ўқувчилар тест синовлари асосида қаубл қилинадилар.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот