buxoro vxtb. uz

buxoro vxtb. uz

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси

МАКТАБ ЎҚУВЧИСИ ЯРАТГАН 10 га ЯҚИН САМАРАЛИ ДАСТУРЛАР  ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА КЕНГ ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА

     Ғиждувон туманидаги 5-ИДУМИнинг 11-синф ўқувчиси Диёрбек ТОЛИБОВ дастурчилик йўналишидаги илк ютуғини 2017 йилда қўлга киритган эди. Ўшанда эндигина 8-синфга ўтган бу ўқувчининг отаси ва устози Баҳодир Сатторов маслаҳатига таяниб яратган таълимий дастури “Энг яхши ахборот-таълим ресурслари” танловининг республика босқичида 1-ўринга лойиқ топилди.

 -Ушбу дастур 4-синф ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, унда асосан математика дарслигидан ўрин олган  “Тезлик. Вақт. Масофа” бўлимларидаги масалаларни ечишга кўмаклашувчи кўргазмалар тўплами жамланган эди,-дейди Диёрбек ўз муаллифлик иши ҳақида. – Ўқувчилар бу масалаларни китобдан ўқиганда тўлиқ тасаввурга эга бўлолмасликлари мумкин. Мен ана шу жиҳатни эътиборга олган ҳолда бўлимдаги 36 та масаланинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида овозли анимациялар яратишга ҳаракат қилдим. Бу  ўқувчи онгида берилган масала юзасидан аниқ тасаввур ва тушунча ҳосил бўлишида ёрдам беради. Дастур, шунингдек қўшимча имкониятлар билан ҳам бойитилган. Масалан, ўқувчи масалани ечишда қийналганида, ёрдам олиши ёки математик амалларни бажариш тезлигини ҳамда аниқлигини текшириб кўриши мумкин. Турли тринажёрлар ва қизиқарли интеллектуал ўйинлар орқали эса дам олиш дақиқаларини мароқли ўтказиш имкониятига эга. 

      Айни шу ютуғи Диёрбекни бу борада янада чуқурроқ билимга эга бўлишга, изланишга ундади. 2018 йил ўзи яратган “Дунё мамлакатлари” номли дастури билан туманда ўтказилган оригинал кўргазмалар танловида ва вилоят миқёсидаги  “Билимлар фестивали”да фахрли 1-ўринни эгаллади.

      Айни пайтда Диёрбекнинг отаси ва устози-тумандаги 10-мактабнинг ўқув тарбия ишлари бўйича директори ўринбосари Баҳодир Сатторов ҳамкорлигида яратган ана шундай натижадор таълимий дастурлари сони ўндан ошди. Энг эътиборли жиҳати, дарс жадвали, дарс жараёнида ўқувчиларни ва гуруҳларни баҳолаш, дарсларда интерфаол усуллардан фойдаланишга қаратилган мазкур дастурлар таълим соҳасида кенг қўлланилмоқда.

      Ёш дастурчи изланишда дадил давом этмоқда. “One million uzbek coders” (Бир миллион ўзбек дастурчилари) лойиҳаси доирасида дастурлаш йўналишида маҳорат сабоқларини ўтаб келаётган Диёрбек ҳамкорликда фан ўқитувчилари ва тайёрлов курси ўқитувчилари учун зарур бўлган тест саволларини тасодифий тарзда аралаштириб, бир нечта вариантда чоп этиш имконини берувчи дастур, қоғозда белгиланган тест калитларини текшириб, натижаларни таҳрирловчи дастур, мактаб ички мониторингини ташкил этиш мақсадида тегишли фанлардан блок тестларни тайёрлаш ва натижаларни таҳлил қилиб тўлиқ статистик маълумот берувчи дастурлар устида иш олиб бормоқда.

     Эътироф этиш жоизки, иқтидорли ўқувчи Диёрбек Толибов, нафақат, дастурлаш, балки математика фани йўналишида ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. 2016 йилдан буён математика фани бўйича Билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларининг туман ҳамда вилоят босқичларида юқори натижаларни қайд этиб келаётган бу иқтидорли ўқувчи 2018 йилда инновацион олимпиаданинг республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади. 2019 йилда “Мирзо Улуғбек” номидаги республика олимпиадасида 1-ўринни қўлга киритди.

    Диёрбек Халқаро олимпиаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. 2018 йилда Россиянинг “Ломоносов” номидаги Москва Давлат Университети Тошкент филиалида ўтказилган фестивалда 1300 га яқин ўқувчи орасида энг ёш иштирокчи бўлишига қарамай, натижалари билан 6-ўринни қайд этган бўлса, 2019 йилда мазкур анаъавий олимпиадада бронза медалини қўлга киритди.  Шу йили Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бухоро Давлат Университети ҳамкорлигида ўтказилган очиқ олимпиадада 3-ўринни эгаллаб, Халқаро математика олимпиадаси(IMO)нинг Республика саралаш босқичида тўғридан-тўғри қатнашиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Россия Ядро физикаси олийгоҳи томонидан ўтказилган олимпиаданинг биринчи босқичида ҳам  энг юқори натижани қўлга киритиб,  2-босқичда муваффақиятли иштирок этди. Жорий йилда эса Қозоғистонда ўтказилган “Жаутиков” халқаро мусобақасида Республика терма жамоаси таркибида иштирок этди ва бронза медалига сазовор бўлди.

   Диёрбек келажакда Ўзбекистонда информацион технологиялар соҳасини ривожлантиришни мақсад қилган.

- Профессионал дастурчи бўлиш учун, албатта, математиканинг ўрни беқиёс, -дейди у. – Айни пайтда ўзлаштираётган математик билимларимни дастурлаш соҳасига қўллаш орқали катта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганман.  

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати





Report Page