buxoro vxtb. uz
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси
Тажрибангизни ўрганамиз
ҚОРАКЎЛ МАКТАБИ МУВАФФАҚИЯТЛАРИНИНГ СИРИ НИМАДА?
Қаердаки муваффақиятлар кўп бўлса, биз ўша ерда қандайдир бир гап бор, деб ўйлаймиз. Агар биров кетма-кет ютуқларга эришганини кўрсак, дарров бунинг сирини суриштира бошлаймиз. Хўш, бугун халқаро миқёсида тан олинаётган, ютуқлари эътироф этилаётган Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактабининг бу қадар юксак натижаларни қўлга киритаётганининг сири нимада?
Бухоро вилоятининг чекка ҳудудида жойлашган мазкур мўъжазгина мактаб дастлаб аниқ фанларга йўналтирилган 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати мақомида 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, айни ўша ўқув йилидан бошлаб ўқувчилари бирин-кетин салмоқли натижаларни қайд эта бошлашди. Фан олимпиадалари, Билимлар беллашувининг вилоят босқичида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишди. Иқтидорли ўқувчилар Оғабек Ҳайдаров ва Абдумалик Абдуқаюмов Ломоносов университетининг Тошкент филиали томонидан ташкил этилган “Ломоносов-2014” халқаро мусобақасида иштирок этиб, олтин ва кумуш медалларига сазовор бўлишди. 8-синф ўқувчиси Аббос Сайлиев эса Хитой халқ республикасида ўтказилган математика бўйича мактаб ўқувчиларининг фан олимпиадасида кумуш медаль билан тақдирланди. Бу нишона ютуқлар кейинги муваффақиятлар учун катта йўл очиб берди. 2015-2016 ўқув йилида мактаб–интернатнинг тажрибали ва маҳоратли ўқитувчилари қўлида сабоқ олаётган ёш иқтидорли математиклардан 7 нафари анъанавий “Ломоносов” халқаро мусобақасида иштирок этиб, 1та олтин ва 3 та махсус дипломга сазовор бўлди. 2016-2017 ўқув йили ҳам мактаб-интернати учун ниҳоятда омадли йил бўлди. Шу йили 7-синф ўқувчиси Шаҳбоз Ҳасанов Таиланд қироллигида ўтказилган фан олимпиадасида якка ҳисобда бронза, жамоа таркибида кумуш медални қўлга киритди, Япония мамлакатида математика фанидан ўтказилган мусобақада эса гранпри соҳибига айланди. Ёш математикларнинг “Москва 111 минг йиллик” танловида 8-синф ўқувчиси Олимжон Олимов фахрли 3-ўринни қайд этган бўлса, тенгдошлари Дониёр Исмоилов ва Севара Остоновалар совринли ўринларга муносиб топилдилар.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, мактаб-интернати ўқувчиларининг 2017 йил май ойида Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математиклар фан олимпиадасидаги иштироки, нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакатимиз учун муҳим воқеа бўлди. Бу иштирок Ўзбекистон шарафини кўкларга кўтаргувчи ғалабани туҳфа этди. Мазкур нуфузли мусобақада Севара Остонова ва Дониёр Исмоиловлар ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасини забт этиб, олтин медални қўлга киритишди. Олимжон Олимов ҳамда Дониёр Пўлотовлар эса кумуш медал соҳиби бўлишди.
2017-2018-ўқув йилида ҳам мактаб-интернати ўқувчилари халқаро мусобақаларда муносиб тарзда иштирок этишди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида илк бор физика фанидан ўтказилган Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадада 10-синф ўқувчиси Бобур Ҳалимов бронза медалини қўлга киритиб, олий ўқув юртига имтиёзли равишда ўқишга кириш имкониятига эга бўлди.
Болгария давлатида бўлиб ўтган математиклар халқаро фан олимпиадасида эса Дониёр Исмоилов олтин, Лазиз Ражаббоев кумуш, Севара Остонова махсус дипломни қўлга киритиб, жамоавий баҳсларда кумуш медалига сазовор бўлишди. Айнан шу ўқувчилар Озарбайжонда бўлиб ўтган математика, физика ва кимё фан олимпиадасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, яккалик баҳсларида ҳам, жамоавий таркибда ҳам кумуш медалларини эгаллашди.
Кейинги уч йилда ҳам кўплаб ютуқлар қайд этилди. Жумладан, мактабнинг иқтидорли ўқувчилари “Москва III минг йиллик” халқаро математика олимпиадасида 2018-2019 ўқув йилида 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини, 2019-2020 ўқув йилида эса 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритишди. Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шахрида ўтказилган халқаро ”International Mathmetical Competition” (IMC-2019) математика фани олимпиадасининг яккалик баҳсларида 1 та олтин, 2 та бронза ва жамоавий таркибда 4 бронза медалларига эгалик қилишди. 2020 йил Австралия давлатининг Голд-Кост шаҳрида ўтказилган “SEAMO” халқаро олимпиадасида Бекзод Нуриддинов олтин медалга сазовор бўлди. Бу каби катта-кичик ютуқлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Кўнгилни фахр, ифтихор туйғуларига тўлдиради бу.
Айниқса, ўзбек қизларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини жаҳон майдонларида яққол намойиш этиб келаётган иқтидорли қиз Севара Остонованинг 2019 йилда “Зулфия” номидаги давлат мукофотига лойиқ топилгани ҳамда 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоиловнинг “Мард ўғлон” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлиги мактаб жамоаси учун қувончли воқеа бўлди. Мактаб интернатининг “Халқаро математика мактаби” мақомига эга бўлгани эса нафақат илм даргоҳи жамоаси, балки бутун вилоят аҳли учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди.
- Боғбон ўзи ерга қадаган уруғнинг гуллаганини, мева тугиб ҳосилга кирганини кўрганида, қанчалар қувонишини тасаввур қилиб кўрганмисиз? Йўқ, тасаввур қила олмайсиз. Бунинг учун сиз ҳам боғбон бўлиб, унинг қийинчиликларини бошдан кечиришингиз, дилдан ҳис этишингиз керак бўлади,-дейди мактаб директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Темир Рўзиев. -Ўқувчиларимизнинг ютуқлари биз устозларнинг кўксини ҳамиша фахрга тўлдиради. Чунки бу ютуқларда ўз изланишларимиз, машаққатли меҳнатимизнинг самарасини кўрамиз. Мендан кўпинча ана шундай натижаларга эришаётганимиз сабаби, сирини сўрашади. Ҳар гал шу саволга тўқнаш келганимда, кўнглимдан турфа хил ўйлар кечади. Аммо ҳар гал жавобим битта: ютуқларга, муваффақиятларга элтадиган ягона йўл бор. Бу машаққат йўли. У фидойиликни, метин иродани, тинимсиз изланишни, ижод қилишни талаб этади. Муҳими ниятинг пок, мақсадинг аниқ бўлсин. Мактабимизда фаолият юритаётган 52 нафар ўқитувчининг ҳар бири буни чуқур англаб етган. Уларнинг ҳар бири ўзига хос маҳорат, илғор тажриба ва кучли билимга эга. Одил Содиқов, Рисолат Шукурова, Фазлиддин Каримов, Ўктам Ҳайдаров сингари устоз педагоглар, Алишер Шарипов, Қувондиқ Янгиев, Жаҳонгир Мирзақулов, Зуфар Ўдаев, Азиз Тошов, Рўзимурод Рўзимуродов, Хуршид Рахимов, Умид Арабов, Шерназар Саломов каби ёш, серғайрат ўқитувчилар ана шулар сирасидан.
ИСТАК, ИШОНЧ ВА МАҚСАД
ўқувчини юксакликка ундовчи уч омил
Мактабда эртадан кечга довур ҳаёт қайнайди. Шовқин-сурон, бақир-чақирни эшитмайсиз. Бирови китобга мук тушиб олганча, алланималарни излаётган, бири дафтарчасига нималарнидир қайд этаётган, яна бири тенгдошини баҳсга чорлаётган, бошқа бирови эса ўқитувчисини саволларга кўмиб ташлаётган йигит-қизларнинг бу қадар иштиёқ билан илм олишга интилиши кишининг ҳайрату ҳавасини оширади. Беихтиёр савол туғилади-ўқувчилардаги бу қизиқиш, муаллимлардаги бундай фидойиликнинг омили нимада? Бунга жавоб олиш учун илм даргоҳидаги бир кунлик ҳаётни синчиклаб кузатамиз. Бу ерда ҳам дарслар одатдагидек, эрталаб саккиз яримдан бошланиб, иккиларга қадар давом этади. Тушликдан сўнг ўқувчилар куни узайтирилган гуруҳларга қатнашади. Мазкур гуруҳларда жадвал асосида фан ўқитувчилари томонидан махсус чуқурлаштирилган машғулотлар олиб борилади. Кечки еттиларга қадар давом этадиган бу машғулотлар давомида ўқувчилар дарсликдаги мавзуларни мустаҳкамлабгина қолмай, бошқа манбалар асосида билимларини бойитадилар. Жараёнда улар Билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ва халқаро мусобақаларга ҳам тайёрлаб борилади. Бунинг учун ўқувчидан ҳеч қандай маблағ талаб этилмайди.
-Кўпчилик кишилар интернатимизда таҳсил олаётган ўқувчиларни дарсдан сўнг пуллик репититорлик курсларида ўқитишади, деб ўйлашади. Бироқ бу тамоман ҳақиқатдан йироқ, -дейди мактаб директори Темир Рўзиев.- Илм масканимиздаги ҳеч бир ўқувчи қўшимча пуллик машғулотга қатнамайди. Бизнинг энг катта ютуғимиз ўқувчида ўқишга иштиёқ ва ўз имкониятларига ишонч уйғота олганимиз. Яхши ўқитувчи ўқувчига ўз билганларини шунчаки ўргатибгина қолмай, унинг қалбида ўқишга иштиёқ, истак ҳам уйғотади. Фақат истак, ишонч кучли бўлсагина тиришқоқлик ҳаракатга келади. Яна бир муҳим омил-мақсаднинг юксаклиги. Бугун мактабимизда таҳсил олаётган ҳар бир ўқувчининг ягона мақсади бор- халқаро олимпиадада ғолиблик шоҳсупасини забт этиш. Мақсад қанчалар юксак бўлса, интилиш ҳам, изланиш ҳам шу қадар кучли бўлади.
Мактабда тун алламаҳалигача чироқ ўчмайди. Узоқ-узоқлардан ҳам дераза ортида китоб ўқиётган, бир-бири билан баҳслашаётган, мук тушиб масала ечаётган йигит-қизларни кўриш мумкин. Улар зўр иштиёқ билан илм чўққиларини забт этишга чоғланиб турибдилар.
Муваффақият учбурчаги
-Мен раҳбарлик қилаётган 7-синфда 30 нафар ўқувчи таҳсил олади,-дейди мактабнинг тажрибали математика фани ўқитувчиси Рўзимурод Рўзимуродов. -Уларнинг барчаси қайта-қайта синовларда саралаб олинган иқтидорли, математикага қобилияти бор болалар. Аммо ораларида фақат 4-5 нафаригина халқаро олимпиадаларда иштирок этиш савиясига эга. Тўғри, беш бармоқ баравар бўлмаганидек, ўқувчилардаги имконият ҳам турлича бўлади. Бироқ шундайлари ҳам борки, ўзларидаги истеъдодни тўлақонли намоён этишолмайди.
Боладаги истеъдоднинг юзага чиқишида энг муҳим омил нима эканлигини биласизми? Бу унинг ўзига бўлган ишончи. Бу ишонч қачон мустаҳкам бўлади? Қачонки, устози, ота-онаси унга хайриҳоҳ бўлишса, уни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, руҳлантириб туришса. Ота-онаси эътиборидан четда қолган фарзанд ҳеч қачон ўзида масъулият ҳис этмайди. Нимагадир эришишга астойдил чоғланмайди. Чунки унинг бу ҳаракатини рағбатлантириб турадиган, интилишларига қизиқиш билдирадиган суянч кучи йўқ. Бу вазиятда биргина ўқитувчининг чиранишлари елга совурилгандек самарасиз кетади.
Баъзи ота-оналар бутун масъулиятни устозга ташлаб қўйишади. Айримлари ҳатто бир ойда бир марта ўтказиладиган ота-оналар йиғилишида иштирок этишдан ҳам вақтларини қизғанишади. Улар учун энг муҳими- фарзандларини моддий жиҳатдан тўкис таъминаб туриш, шуни бурч, деб санашади. Бироқ эндигина учирма бўлаётган полапон битта қанот билан учолмаганидек, ўқувчи ҳам устоз ва ота-онасининг маънавий кўмагига муҳтож бўлади. Бунда моддият ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлолмайди.
Ота-она, устоз ва ўқувчи бир мақсадни кўзлаб, ҳамфикр, ҳамқадамликда ҳаракат қилсагина, кўзланган натижага эришиш мумкин. Буни мен “мувафаққият учбурчаги” деб атайман. Бугун нуфузли мусобақаларда ютуқларга эришаётган ўқувчиларнинг аксарияти ана шу учбурчак теграсидаги болалардир.
Одатда, биз олимпиадага тайёргарлик жараёнини 5-синфданоқ бошлаймиз. Дастлаб синфнинг ўзида қайта-қайта синовлар ўтказилиб, улардан муваффақиятли ўтган 4 ёки 5 нафар ўқувчи танлаб олинади. Сўнгра синфлар кесимида 15 нафардан иборат тайёрлов гуруҳи тузилади. Ҳафтада икки марта улар билан жиддий машғулотлар олиб борилади. Бу машғулотлар, нафақат, дарсликлар, балки халқаро олимпиада метериаллари асосида ташкил этилади. Геометрия, эҳтимоллик назарияси, сонлар назарияси, комбиннаторика бўлимларига оид мураккаб масалаларни ечиш усуллари ўрганилади. Ўқувчиларимиз ўз имкониятларини дастлаб Билимлар беллашувларида синовдан ўтказишади, тажриба оширишади, кўникма ҳосил қилишади. Бу улар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
АДОЛАТ-БОШ МЕЗОНИМИЗ
Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши таълим муассасасида таҳсил олишини истайди. Бу борада ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактабида нафақат Бухоро вилояти, балки республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳам келиб таълим олаётган ўқувчилар талайгина.
-Айни пайтда илм масканимизда 370 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлса, шундан 140 нафари вилоятимизнинг бошқа туманларидан, 15 нафари эса вилоятлардан қатнайдиган ўқувчилардан иборат, -дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ғайрат Қуллиев. –Бизда ўқиш истагини билдириб, ҳар йили мингга яқин аризалар тушади.
Дарвоқе, илм масканида қабул жараёнига алоҳида тайёргарлик кўрилади. Ниҳоятда жиддий ва қатъий талаблар асосида кечадиган бу жараёнда адолат ва холислик мезонларига таянилади.
-Айтиш жоизки, қабул-мактабимиз эртасини белгилаб берувчи муҳим тадбир. Шунинг учун ҳам бунда таниш-билишчилик, таъмагирликнинг аралашувига йўл қўйилмайди, -дейди мактаб директори. – Энг иқтидорли, қобилиятли ўқувчиларни танлаб олиш учун қабул имтиҳонларига қадар бир неча бор саралаш синовларини ўтказамиз. Бу синовлардан ўтган ўқувчигина давлат тест маркази имтиҳонига киради. –Мактабимизда фаолият юритаётган ўқитувчилар ҳам бизда синов асосида ишга қабул қилинади. Жамоамиздаги педагогларнинг аксарият қисми мактабимизнинг собиқ иқтидорли ўқувчиларидан иборат. Улар бу ердаги муҳитни, иш кўламини жуда яхши билишгани боис ҳам талабларимизга тезда мослашиб кетишади.
Инсон қачон хотиржам ва муаммолардан холи бўлсагина, ишини эътибор ва иштиёқ билан бажаради. Буни яхши англаган мактаб директори педагогик жамоадаги ҳар бир ўқитувчининг шахсий муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилади. Имконият даражасида кўмак беради. Иш жойида сени қўллаб-қувватлашса, керагида суяшса, албатта, миннатдорчилик эвазига фидойилик кўрсатасан, яхши ишлашга интиласан.
ЎЗИГА ХОС ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИ
Мактабда ўзига хос ички назорат шакли ўрнатилганки, бу таълим-тарбия сифати самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар ҳафтанинг душанба куни мактабда директор ва унинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари иштирокида “Сардорлар йиғилиши” ўтказилади. Бунда барча синф сардорларининг ҳафталик ҳисоботлари тингланади ва муҳокама қилинади.
-Ўқув йили бошидан синф сардорларига ҳар бир ўқувчининг юриш-туриши, ўзлаштириши, дарсда иштироки, шунингдек, ўқитувчиларнинг дарс жараёнида педагогик талабларга қай даражада риоя этаётганини кунлик қайд этиб бориш топширилган,-дейди мактаб директори. –Шу асосда ўқувчилардаги бўшлиқлар, ўқитувчиларнинг ўз бурчларини қай даражада бажараётганликлари доимий назорат қилиб борилади. Ўқувчилардаги ўзгаришлар ўрганиб борилади, масъулиятсиз ўқитувчилар аниқланади ва муносиб чоралар кўрилади. Шунингдек, уч нафар энг яхши фан ўқитувчиси аниқланади ва ҳафтанинг пайшанба кунлари ўтадиган “Мулоқот” да номлари эълон қилиниб, рағбатлантирилади. Ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокидаги бу “Мулоқот”да ўқувчиларнинг тартиб-интизоми, юриш-туриши, ўзлаштириши сарҳисоб қилинади. Ҳар бир йўналиш фан ўқитувчиси ўзи таҳсил бераётган синф ўқувчиларининг бу борадаги ютуқ ва камчиликлари ҳақида бирма-бир маълумот беради. Барчанинг гувоҳлигида ютуқлар эътироф этилиб, рағбатлантирилади. Камчиликлар эса атрофлича ўрганилиб, муҳокама қилинади. Масалан, махсус фандан паст баҳо олган ўқувчилар ўртага чиқарилиб, улардан бунинг сабаби сўралади. Бу улар учун жазо саналади. Бу ўқувчилар иккинчи марта кўпчилик олдида изза бўлишни исташмайди. Агар камчилик қайта такрорланадиган бўлса, унда ота-онасини чақиришга мажбур бўламиз. Табиийки, ҳеч бир фарзанд ота-онанинг ишончини поймол қилишни ҳоҳламайди ва хатосини ўз вақтида тузатишга ҳаракат қилади.
Икки ҳафтада бир марта ўтказиладиган ўқитувчиларнинг кенгайтирилган йиғилишида эса “Мулоқот” ва “Сардорлар йиғилиши”да ўртага ташланган масалалар, муаммо ва камчиликлар батафсил муҳокама қилинади. Ўқувчилардаги бўшлиқларни тўлдириш, касб масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилади.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати