buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиЎНГА ЯҚИН УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА, БЕШ ЮЗДАН ОРТИҚ ЭЛЕКТРОН ДАРСЛИКЛАР ЯРАТГАН МАКТАБ МУАЛЛИМАСИ
Ғиждувон туманидаги 17-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Махфурат Отаевани кўпда қийнайдиган, ташвишга соладиган нарса - тилимизнинг софлигига путур етаётгани, ёшларимизнинг ўз она тилларига эътиборсизлик, ҳатто ҳурматсизлик билан муносабатда бўлаётганлигидир. У ўзининг салкам 30 йиллик педагогик фаолияти давомида ана шу муаммоларни бартараф этишга алоҳида аҳамият қаратди. Муаллима мактабда сабоқ бериш баробарида ёш авлод қалбида она тилимизга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга интилиб келмоқда. Ушбу эзгу мақсад йўлидаги изланишлари, интилишлари натижаси ўлароқ, вилоят ҳамда республика миқёсида оммалашган «Интерфаол таълим-кафолатланган таълим», «Дарс самарадорлигини оширишда кутубхонанинг роли», «Таълим муассасаларида тил ўқитишнинг замонавий методлари», “Ўқувчиларнинг нуткий саводхонлигини оширишнинг самарали усуллари», «Ёзма саводхонликни оширишнинг асосий омиллари», «Она тили дарсларида ўқувчиларнинг нутқий компетенцияларини шакллантириш усуллари» каби ўнга яқин услубий ўқув-қўлланмалар ва 500 дан ортиқ электрон дарс ишланмаларини яратди.
Тиббиётда бирор-бир касалликка қарши курашишдан олдин уни вужудга келтирган омиллар аниқланади. Шунга қараб даво чоралари белгиланади. Мулоҳазакор муаллима ҳам дастлаб ишни тил таълимидаги камчиликларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганишдан бошлади. Изланишлари натижасида бу сабаблар ўқувчилар ва ўқитувчилар луғат бойлигининг камбағаллиги, китоб мутолааси, китобхонликка эътиборнинг сусайгани, дарс жараёнида нутқий компетенцияларга оид тажрибаларнинг етарли эмаслиги, она тили дарсларида берилган машқ ва топшириқларнинг кўпроқ лингвистик компетенцияларни шакллантиришга қаратилганлигида эканлиги яққол намоён бўлди. Энди муаллима қаршисида галдаги савол турарди- хўш, бундай вазиятда нима қилиш керак? Камчиликларнинг ўрнини қайси йўл билан тўлдириш мумкин? У бор имкониятини ишга солган ҳолда муносиб жавоб топишга киришди. Ўқувчиларнинг аниқ ва равон сўзлашларини таъминлашга хизмат қилувчи самарали усулларни кашф этди.
Муаллима бу борадаги тавсиялари билан ”Тил ва таълим: Муаммолар истиқболдаги вазифалар” мавзусида ташкил этилган филология фанлари ўқитувчиларининг вилоят ҳамда республика форумларида ҳам фаол иштирок этди.
Муаллиманинг жонкуярлиги, самарали меҳнатлари туфайли ўқувчилари фан олимпиадалари, Билимлар беллашуви ҳамда турли кўрик-танловларда муваффаққиятли иштирок этиб келишмоқда. 2014 йилда ўқувчилари Дилноза Сафарова “Тилга эътибор, элга эътибор” мавзусидаги, Шаҳодат Исмоилова “Конституция-бахтимиз қомуси” мавзусидаги иншолар кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритишган бўлса, Гулшода Собирова “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам” иншолар танловининг республика босқичида ғолибликка эришди. 2015-2016 йилда яна бир гуруҳ ўқувчилари ”Ораста кизлар”, “Мустақиллик мадҳи болалар ижодида” республика ижодий ишлар танловларида эътирофга сазовор бўлишди. 2017 йилда 9-синф ўқувчилари Розиябону Саидова ”Энг ижодкор ўқувчи” танловининг, Малика Тошова ”Энг яхши матн муаллифи” танловининг вилоят босқичида 2-, Азизабону Ахтамова ”Мен севган адабий каҳрамон” танловида, Шахноза Тўхтабоева “Тил- миллат кўзгуси” иншолар танловида 1-ўринга лойиқ топилишди. ”Бобурномадан олган таассуротларим” вилоят иншолар танловида эса 11-синф ўқувчиси Фароғат Темирова Фароғат ғолибликка сазовор бўлди. 7-синф ўқувчилари Диёрбек Ҳафизов ва Машҳура Икромовалар эса ”Йилнинг энг яхши китобхон мактаби” республика танловининг вилоят боскичида ”Энг китобсевар ўқувчи ” наминациясини қўлга киритди. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Айни пайтда устоз мактабда муаллим, вилоят “Маҳорат мактаби” да тренерлик қилиш билан бирга Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳаморликда дарсликлар ва унда учрайдиган муаммоларни ечиш устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, у 8-синф ўқув дастури асосида ”Мумтоз матнлар устида ишлаш”, “8-синф “Онa тили” дарслигидан ўрин олган “Синтаксис” бўлимидаги сўз бирикмаси мавзусини моделлаштириш асосида ўқитиш технологияларини жорий қилиш” борасида ҳам изланишлар қилмоқда.
Халқ таълими тизимида олиб борган самарали фаолияти, соҳа ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун муаллима Махфурат Отаева 2011 йилда “Мустақилликнинг 20-йиллиги”, 2014 йилда ”Халк таълим аълочиси” кўкрак нишони билан такдирланди. 2017 йилда эса нуфузли давлат мукофоти- ”Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати