buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасиБУХОРОДА “UZROBOCHALLENGE - 2021” РОБОТОТЕХНИКА БЎЙИЧА ВИЛОЯТ ЧЕМПИОНАТИ БЎЛИБ ЎТДИ
Робототехника соҳасида ёшлар ўртасида ижодий фаолликни ривожлантириш ва муҳандислик ихтисосларини шакллантириш, таълим муассасалари ўқувчилари орасида техник моделлаштиришни оммавийлаштириш, истеъдодли ва иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ижодий фаолиятга жалб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бутун жаҳонда робототехника ва робоспорт билан шуғулланидаган малакали ва тажрибали мутахассисларга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ошиб бормоқда. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида роботлаштирилган тизимларнинг жорий қилиниши - ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсишига ҳамда хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланишига, албатта, туртки бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-ташаббуси “Аҳоли ва ёшларни компьютер технологиялари, киберспорт ва робототехникага жалб этиш ҳамда интернет тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш” ҳамда Бухоро вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган “Бухоро вилоятида 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси, Кибернетика соҳасида инновациялар IT-парки ҳамда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 7-8 май кунлари Бухоро шаҳридаги 18-умумтаълим мактабида “UZROBOCHALLENGE 2021” робототехника бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.
Мазкур тадбирга вилоятнинг барча ҳудудларидан жами 35 нафар фаол ёшлар иштирок этиб, “Линия бўйича пойга”, “Робосумо” ва “Робофутбол” йўналишларида роботлар ёрдамида қизиқарли ва фойдали ўйинларни олиб боришди. Икки кун давом этган ва барчада ажойиб таассурот қолдирган чемпионатда 17 нафар ёшлар ғолибликни қўлга киритиб, тадбир ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Вилоят чемпионати ғолиблари келажакда ушбу йўналишда республика даражасида ташкил этиладиган танлов ва мусобақаларда иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар. Бухоролик ёш робототехникларнинг келгуси ишларига омадлар ва зафарлар тилаймиз!