buxoro vxtb. uz
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси#фидойиларимиз
ОДДИЙ МУАЛЛИМ У, ОДДИЙ МУАЛЛИМ!
Кўпда биз ўқувчиларимиз эришаётган ютуқларни фахр-ифтихор билан эътироф этамизу, аммо бу ютуқлар ортида турган заҳматкаш, фидойи устозларни эътибордан четда қолдирамиз. Ахир дарахт ўз-ўзидан мева тугмайди, яхши ҳосил - боғбоннинг парвариши, меҳр ила қилган меҳнати маҳсулидир. Зероки, муаллим маърифат боғининг боғбонидир.
Қаҳрамонимиз Лайло Усмонованинг ҳам маърифат боғини обод этмоқ мақсади ила иш бошлаганига 24 йил тўлади. Жондор туманидаги 25-умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритиб келаётган маҳоратли муаллиманинг сабоқларини олиб, бугун илму фан майдонида қатор ютуқларни қўлга киритаётган ўқувчилари анчагина.
2014-2015-ўқув йилида 7-синф ўқувчиси Жасмина Рашидова Билимлар беллашувининг туман босқичида юқори натижани қайд этиб, Жаҳон олимпиадасининг саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этди. 2015-2016 ўқув йилида Билимлар беллашувининг, 2016-2017 ўқув йилида фан олимпиадасининг туман босқичида фахрли ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида ҳам юқори натижаларга эришди.
Яна бир иқтидорли шогирди Нозима Саноева Билимлар беллашувининг 2017-2018 ўқув йилида ўтказилган туман босқичида 2-, 2018-2019 ўқув йилида эса фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Жорий ўқув йилида бўлиб ўтган “Ал-Хоразмий” номидаги фан олимпиадасининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этди. Шунингдек, ”Қўқон олимпиадаси”нинг туман босқичи ғолиби сифатида вилоят босқичида юқори натижани қайд этди. Ушбу олимпиаданинг туман босқичида муаллиманинг яна бир ёш, иқтидорли ўқувчиси Сардорбек Комилов ҳам ғолибликни қўлга киритди. Шогирдларининг ҳар бир ютуғини ўз муваффақияти билган устоз уларни янада юксак натижаларни қўлга киритишлари йўлида изланмоқда.
Тинимсиз изланиши, тиришқоқлиги ва ташаббускорлиги фақат ўқувчиларининг натижаларида эмас, шахсий ютуқларида ҳам ўз ифодасини топиб келяпти. Муаллима “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман ҳамда вилоят босқичларида бир неча бор ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган. Илғор тажрибалари туман миқёсида оммалаштирилган. Бир неча йилдан бери у тумандаги математика фани ўқитувчиларининг таянч мактабида тренер сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда. Туман Математиклар уюшмаси аъзоси сифатида “Йилнинг энг яхши фан ўкитувчиси” кўрик-танловлари ва фан олимпиадаларида ҳакамлар ҳайъати таркибида фаолият олиб боради. Фидокорона фаолияти ва эришган ютуқлари туфайли бир неча бор Халқ таълими вазирлиги ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати